Тошкентда шахмат бўйича аёллар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионати олий лигаси мусобақалари якунланди. Унда мамлакатнинг энг кучли 12 шахматчиси беллашди. Мусобақа натижаларига кўра, ФИДЕ устаси сирдарёлик Сарвиноз Қурбонбоева Ўзбекистон чемпиони бўлди. Бу ҳақда Uzbekistan Today хабар берди.
Сарвиноз Қурбонбоева 11 имкониятдан 8 очко жамғарди. Иккинчи ўринни 7,5 очко билан навоийлик Моҳинур Қаҳрамонова эгаллади. Худди шунча очко жамғарган тошкентлик Нодира Нодиржонова бронза медалга сазовор бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда эркаклар ва аёллар ўртасида шахмат бўйича Ўзбекистон чемпионати 23 март куни старт олган эди. Эркаклар ўртасида ўтказилган олий лига мусобақалари 2 апрель куни якунланган бўлиб, унда ФИДЕ устаси Улуғбек Тиллаев биринчи ўринни эгаллаган эди.