Комадаги Михаэль Шумахер овозга реакция билдиришни бошлади
Немис автопойгачиси Михаэль Шумахернинг аҳволи сўнгги кунларда ижобий томонга ўзгармоқда. Германиянинг Bild нашри маълумотларига таяниб «Sports.ru»нинг хабар беришича, кома ҳолатида ётган Михаэль Шумахер овозга реакция билдирган.
«Михаэль вақти-вақти билан ўзига келиб, атроф-муҳитдаги воқеаларга реакция билдирмоқда», — деб маълум қилди «Uff.uz» Шумахер вакили Сабина Кемнинг сўзларига асосланиб.
«Биз шу кунгача руҳий далда билан қўллаб-қувватлаб турганликлари учун Шумахернинг барча мухлисларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Михаэль ҳали узоқ даволаниш курсларини ўташи лозим. Шундай бўлса-да, биз унинг тезроқ тузалиб кетиши учун ҳаракат қилмоқдамиз», — дейди пойгачининг вакили Сабина Кем.
Эслатиб ўтамиз, германиялик машҳур автопойгачи Михаэль Шумахер 2013 йил 29 декабрь куни Алп тоғларида чанғи учаётган вақтида йиқилиб, боши билан тошга урилган. Шундан сўнг уни кома ҳолатида клиникага ётқизишган эди. Аввалроқ, спортчи кома вақтида 55 килограммгача озиб, аввалги вазнининг 25 фоизини йўқотгани ҳақида маълумот берилган эди.