Франциянинг Тур шаҳрида ғайриоддий суд жараёни бўлиб ўтди. Қотиллик жинояти бўйича олиб борилган бу ишда судья қурбон бўлган кишининг итини гувоҳ сифатида сўроқ қилмоқчи бўлди. Чунки, судьянинг фикрича, ит қотилни кўрган ва уни таниб қолиб, бу билан суд ишига ёрдам бериши керак эди. Бу тўғрида RTL радиостанциясига таяниб «ИТАР-ТАСС» хабар қилади.
Ўлдирилган 27 ёшли йигитнинг қариндошлари айтишларига кўра, унинг лабрадор зотли, Танго лақабли ити воқеага гувоҳ бўлган. Эгаси ўлганидан кейин у асабий бўлиб қолган, тунлари яхши ухлай олмаган.
Булардан хабар топган судья «гувоҳ» билан боғланиш учун ветеринар мутахассисга мурожаат этди, у эса «кўрсатмаларни текшириш» учун худди шундай зотли ва шу ёшдаги, аммо воқеаларга умуман алоқаси бўлмаган Норман лақабли итни олиб келди. Норман ҳам айбдорни таниб олиш жараёнида иштирок этиши, гумонланувчини кўрганда бу икки ит қандай муносабат билдиришига қараб хулоса чиқарилиши лозим эди.
Бироқ тажриба кутилган натижани бермади. Судьянинг талабига кўра, гумонланувчи Грегуар Лафарж қўлида калтак билан итларнинг олдида тажовузкорона хатти-ҳаракатлар қилди. Судьянинг фикрича, шу орқали Танго ўша машъум кунни эслаб, қотилни таниб олиши керак эди. Лекин итларнинг иккаласи ҳам бу ҳолатга бир хил бепарволик билан муносабатда бўлишди.
Гумонланувчининг адвокатини эса бу тажриба жиддий ташвишлантирди, чунки шу пайтгача у масалага бундай ёндашувни кўрмаган эди. У прокурорга мурожаат этиб, бу тариқа «юзлаштириш» ҳатто жониворлар руҳиятига ҳам салбий таъсир этганлигини таъкидлади.
«Буларнинг барчаси менда Франция адлиясига нисбатан жиддий ачиниш туйғусини ҳосил қилмоқда, – деди адвокат. – Судья ақлга таяниб иш кўрмасдан, бемулоҳаза тажрибалар ўтказса, адлия тизими кишиларга хавф сола бошлайди».
Изоҳ (0)