Қозоғистонда коннинг ўпирилиши натижасида турар жой кварталидаги уй қулаб тушди. Ҳодиса Шарқий Қозоғистон вилоятидаги Риддер шаҳрида содир бўлди. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.
Бахтсиз воқеа чоғида уйда уч киши бўлган, улар кўчага югуриб чиқишга улгуришган. Қурбонлар ва жароҳат олганлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Ҳодиса жойига етиб келган қутқарувчи ва полициячилар ҳалокат сабабларини ўрганмоқда.
Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар департаментининг маълум қилишича, яқин орадаги уйларда яшовчилар хавфсизлиги учун зарур чоралар кўрилган: аҳоли маҳаллий мактаб базасидаги эвакуация пунктига йўналтирилган. Риддер-Сокол конининг ўзидан эса 480 ишчи эвакуация қилинган, кон иши тўхтатилган.
Кон қулаши натижасида ҳосил бўлган воронка (чуқур)нинг диаметри 50 метрни ташкил қилади. Гувоҳларнинг айтишича, у кенгайишда давом этяпти.
Изоҳ (0)