АҚШнинг Пенсилвания штати фуқароси Жеймс Валентайн дарахт кесаётган пайти занжирли арранинг тиғи унинг елкаси ва бўйнини кесиб кетди. Бу тўғрида CНН хабарига асосланиб MedPortal.ru маълумот бермоқда.
Воқеа 31 март куни, Питцбург шаҳрининг шимолида рўй берган. Дарахтларни буташга ихтисослашган фирма ходими 21 ёшли Жеймс қарағай тепасига чиқиб, занжирли арра билан унинг шохларини кесаётган эди. Бирданига қўлидаги мослама сирғалиб кетиб, арра тиғи йигитнинг елкаси ва бўйнини кесиб кириб кетди. Ҳамкасблари Валентайнни дарҳол ерга тушириб, арранинг кесувчи қисмини двигателдан ажратишди, аммо танага кириб кетган тиғни олишга юраклари бетламади.
Ҳушини йўқотмаган Жеймсни дарҳол Аллегҳенй Генерал Ҳоспитал касалхонасига элтишди. Бир соатга яқин давом этган шошилинч жарроҳлик операцияси давомида шифокорлар аррани Валентайннинг танасидан чиқариб олишди. Тиғ унинг юмшоқ тўқималарини зарарлаган, аммо уйқу артериясига етиб боришига бир сантиметргина қолган.
Ҳозир Жеймснинг саломатлиги яхшиланиб бормоқда ва у буткул тузалиб кетади, дейишмоқда шифокорлар.
Изоҳ (0)