Тошкентда шахмат бўйича эркаклар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионати олий лигаси мусобақалари якунланди. Унда ФИДЕ устаси Улуғбек Тиллаев биринчи ўринни эгаллади, деб хабар бермоқда ЎзА.
Бу йилги мусобақада Ўзбекистоннинг энг кучли тўққиз нафар шахматчиси бир даврали тизимда ўзаро куч синашди.
Сўнгги тур олдидан бештадан очко жамғарган халқаро гроссмейстер Алексей Барсов ва халқаро тоифадаги спорт устаси Жаҳонгир Воҳидов чемпионликка асосий даъвогар эди. Лекин охирги партияда ўзаро рақобатлашган пешқадам шахматчилар дуранг натижа қайд этди. Уларни та’қиб қилиб келаётган Улуғбек Тиллаев Бобур Сатторовни, Акмал Файзуллаев Никита Хорошевни енгиб, очколар бўйича пешқадамларга етиб олди.
Натижада чемпионат якунида тўрт нафар шахматчи 5,5 дан очко жамғаргани боис ғолиб ва совриндорлар қўшимча кўрсаткичлар бўйича аниқланди. Унга кўра, Улуғбек Тиллаев Ўзбекистон чемпиони бўлди. Алексей Барсов кумуш, Жаҳонгир Воҳидов бронза медал билан тақдирланди.
Хотин-қизлар ўртасидаги олий лига баҳслари эса ҳал қилувчи паллага кирди. Мусобақа якунланишига икки тур қолганида уч нафар шахматчи 6,5 очко билан олтин медалга даъвогарлик қилмоқда.
Тўққизинчи турда икки пешқадам — «Умид ниҳоллари—2012» ғолиби Моҳинур Қаҳрамонова ва Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони Ҳулкар Тоҳиржонова рақиблари — Ирода Иброҳимова ҳамда Севара Боймуродова билан дуранг ўйнади. ФИДЕ устаси Сарвиноз Қурбонбоева эса Осиё ўйинлари совриндори Нодира Нодиржоновани енгиб, очколар ҳисобида етакчиларга етиб олди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда эркаклар ва аёллар ўртасида шахмат бўйича Ўзбекистон чемпионати 23 март куни старт олган эди.
Изоҳ (0)