Тошкентда битта автомашинага уч хил рақамни алмаштириб тақиб, 2 йил давомида 60 дан ортиқ қоидабузарлик содир этган ҳайдовчи ушланди. Бу ҳақда «Тошкент» телеканалининг «Тезкор хабарлар» дастурида маълум қилинди.
Қайд этилишича, 6 октябрь куни Чилонзор тумани Бешёғоч кўчасида 01 007 SSS рақамли қора Gentra ЙПХ инспекторлари томонидан шубҳа остига олинган. Рақамни планшет орқали текширилганда ИИВ ЙҲХББ рўйхатида йўқлиги маълум бўлган.
Транспорт воситасини кўздан кечириш жараёнида автоуловнинг олд ён ва орқа ойналари махсус рухсатномасиз қорайтирилгани, бундан ташқари ички томонидан олд ойнасининг тепа қисмида ва олд панелида «мигалка» ҳамда товуш кучайтирувчи карнай ўрнатилгани аниқланган.
Воқеа жойига етиб борган тезкор тергов гуруҳи томонидан олиб борилган суриштирув натижасида фуқаро Ш.Ф. машинани сохта рақам билан бошқариб келгани маълум бўлган. Ҳайдовчидан ушбу автомобилга тегишли бўлган рақамни тақдим этиш сўралганда ҳайдовчи Gentra’да бошқа (иккинчи) давлат рақам белгиси ва транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасини олиб кўрсатган. Тақдим этилган ҳужжатга асосан кузов ва двигателга солиштирилганда ушбу давлат рақам белгиси бу машинага тегишли эмаслиги, машинанинг асл давлат рақами бошқа (учинчи) рақам экани ва у онасига тегишли эканлиги аниқланган.
Ҳайдовчи жавобгарликдан қочиш мақсадида ички ишлар ходимларига ёлғон маълумот берган. Ҳайдовчидан суриштирув давомида тақдим этган авторақам тегишли бўлган транспорт воситаси қаерда эканлиги сўралганда машина уйида эканлигини айтган. Хонадонига бориб Lacetti русумли транспорт воситаси тегишли ҳужжатлар билан солиштирилганда ҳайдовчи суриштирув давомида тақдим этган автомобиль рақами ҳақиқатан ҳам Lacetti’га тегишлилиги аниқланган.
Маъмурий амалиёт бўлимидан текширилганда Lacetti’да 60 кун муддатдан ўтган 30 дан ортиқ йўл ҳаракати қоидалари бузилиши билан боғлиқ жарималар мавжудлиги ҳамда қидирувда эканлиги маълум бўлган ва машина жарима майдонига жойлаштирилган.
Бундан ташқари, ҳайдовчининг онасига тегишли бўлган транспорт воситасида ҳам 60 кундан ўтган бир нечта қоидабузарлик билан боғлиқ тўланмаган жарималари мавжудлиги, айнан шу транспорт воситасига сохта рақам тақиб юргани аниқланган ва ушбу машина ҳам жарима майдонига жойлаштирилган.
Қора рангли Lacetti’нинг фақатгина орқа ён ойналарини «тонировка» қилиб ҳайдаш учун рухсатномаси борлиги сабабли ҳайдовчи ушбу давлат рақамини иккинчи машина, яъни Gentra’га тақиб юрган, ваҳоланки ушбу транспорт воситаси ойналарининг тусини ўзгартиришга рухсатнома бўлмаган.
Бундан ташқари, ҳайдовчи сохта рақамни уч кун аввал Москвада ясаттириб келганини айтган бўлса-да, аслида сохта 01 777 SSS рақами 2021 йилнинг сентябрь ойида ҳам Тошкент кўчаларида ҳаракатлангани кузатув камераларида қайд этилган.
Ҳозирда сохта 01 007 SSS рақами бўйича Тошкент ИИББ эксперт криминалистика маркази томонидан экспертиза текширувлари ўтказилмоқда.
Ҳайдовчига нисбатан эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 126-моддаси, яъни транспорт воситасининг ойнасининг тусини рухсатномасиз қорайтириш; 125-модда, яъни милтилловчи чироқлар ҳамда товуш кучайтирувчи карнай (сирена)ни ноқонуний ўрнатиш билан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан авто-мототранспорт воситалари давлат рақамларини қалбакилаштириш ҳамда ундан фойдаланиш ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.