Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича Кенгашга аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирларининг учрашувида иштирок этади, деб хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича Кенгашга аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирларининг VI учрашуви 11—12 октябрь кунлари Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтади.
Мажлисда минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари, шунингдек, Афғонистондаги вазият, жумладан, гуманитар инқирозни олдини олиш мақсадида Афғонистон халқига ёрдам кўрсатиш имкониятларини муҳокама қилиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 14 сентябрь куни Афғонистон халқига ун, турли озиқ-овқат маҳсулотлари, бирламчи зарур товарлар, дори-дармонлар, кийим-кечак ва пойабзаллардан иборат инсонпарварлик ёрдамини юборганди. Афғонистон муваққат ҳукумати аъзолари озиқ-овқат инқирозининг олдини олишда кўрсатган бундай ёрдами учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирди.
Абдулазиз Комилов «Янги Ўзбекистон» газетасига берган интервьюсида Афғонистоннинг нафақат хавф-хатар ва таҳдидлар, балки минтақавий конструктив ва яратувчан лойиҳаларга асос бўладиган янги имкониятлар манбаси эканини таъкидлаганди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон бу масалага нафақат Афғонистоннинг яккаланиб қолишини бартараф этиш, шунингдек, унга инсонпарварлик ёрдами кўрсатилишини фаоллаштириш зарурлигидан келиб чиққан ҳолда ҳам ёндашмоқда.