«Навоийазот» Зарафшон дарёсида кўплаб балиқлар нобуд бўлишига олиб келган заҳарли оқова сувлари чиқарилганини рад этиб, бунда бошқа ишлаб чиқариш комплекслари, шу жумладан, балиқчилик хўжаликларини айблади.
Эслатиб ўтамиз, Давлат экология қўмитаси «Навоийазот»га қарашли қудуқдан дарёга зарарли моддалар чиқарилгани сабабли дарё суви заҳарланиб, кўплаб балиқлар нобуд бўлгани ҳақида хабар берганди. Бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари раҳбарлигида ташкил этилган тезкор ишчи гуруҳ томонидан ҳолат сабаби ўрганилганда «Навоийазот»га қарашли (1-ташлама) 267-қудуқдан азот аммоний 21 маротаба, азот нитрат 2,6 маротаба, азот нитрит 60 маротаба, хлоридлар 1,3 маротаба, мис ионлари 2,1 маротаба белгиланган меъёрлардан юқорилиги ҳамда дарёда оммавий заҳарланиш юзага келгани аниқланган.
Корхонанинг билдиришича, «Навоийазот»га қарашли 267-қудуқ таркибида ишлаб чиқариш майдонларидан ёмғир оқова сувларидан иборат, асосан, совитувчи сув айланиш тизими ва иситиш қозонларида технологик режимга асосан ва экологик талабларга жавоб берадиган ташланма сувлардан лаборатория таҳлиллари олиниб кейинчалик Зарафшон дарёсига юборилади. Корхона санитар лабораторияси томонидан тасдиқланган режа-жадвал асосида мунтазам равишда оқова сувлардан таҳлил намуналари олинади ва мутахассислар томонидан назорат қилинади.
«‘Навоийазот’ АЖда уч йирик инвестиция лойиҳалари ишга туширилганлиги эвазига экологик жиҳатдан хавфи юқори бўлган аммиак, азот кислотаси 1-2 навбат ишлаб чиқариши, органик синтез ишлаб чиқаришининг бир неча цехлари (ацетилен, нитрил акрил кислотаси) иш фаолияти тўхтатилган ва ифлослантирувчи моддаларни атмосфера, сув ҳавзаларига тушиши камайишига эришилган.
Сўнгги даврда оқова сувлар сифатининг динамикаси ўзгаришларсиз. ‘Навоийазот’ АЖ жойлашган ҳудудда унинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш мақсадида табиатни муҳофаза қилиш, хом ашё ва энергия ресурсларини тежаш, атроф-муҳитга зарарли моддаларнинг чиқишини камайтиришга кўмаклашувчи ташкилий-техникавий чора-тадбирлар доимий равишда ишлаб чиқилмоқда ва бажарилмоқда», — дейилади корхонанинг айбловларга жавобан баёнотида.
Шунингдек, қўшимча қилинишича, Зарафшон дарёси нафақат «Навоийазот» томонидан, балки вилоятнинг турли саноат ва бошқа ишлаб чиқариш комплексларидан, шу жумладан, балиқчилик хўжаликларидан ҳосил бўлган барча оқова сувларини қабул қилувчи ҳавза ҳисобланади.
Ҳозирги пайтда «Навоийазот» мутахассислари вилоят экологик назорати мутахассислари билан биргаликда барча оқова сувларнинг назорат таҳлиллари олиб борилмоқда ҳамда жамият раҳбарияти томонидан жойида тегишли чоралар кўриляпти.