Ўзбекистонда аҳолидан асоссиз ортиқча ҳужжат талаб қилган мансабдор шахслар жазоланди, дея хабар қилмоқда Адлия вазирлиги.
Қайд этилишича, вазирлик томонидан Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 23 мартдаги ПФ-6191-сон «Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижроси 29 та вазирлик ва идораларда ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида Президент фармони билан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан талаб қилиниши бекор қилинган ҳужжатларни давлат хизмати кўрсатишда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан сўраб олингани (ортиқча ҳужжатлар олингани) учун вазирлик ва идораларнинг 9 нафар ходими маъмурий жавобгарликка, 32 нафари интизомий жавобгарликка тортилди.
«Адлия вазирлиги барча давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари ва муассасалари раҳбарларини аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини овора қилмасликка, улардан қонун ҳужжатларида белгиланмаган ҳужжатларни талаб қилиб олмасликка чақиради», – дейилади хабарда.
Бундан аввал Бухоро ДХА томонидан аҳоли норозилигига сабаб бўлган 8680 та қонун бузилиши ҳолати аниқлангани ҳамда Ўзбекистон Адлия вазирлиги фуқаролардан ортиқча ҳужжат талаб қилган ўнга яқин ОТМни жазолагани ҳақида хабар берилганди.