Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ипотека дастурлари доирасида 140 мингдан ортиқ уй-жойлар барпо этилди. Бу ҳақда айни пайтда ЎзЛиДеПнинг Х қурултойида нутқ сўзлаётган Шавкат Мирзиёев қайд этди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ҳар қандай ислоҳот қуруқ рақамларда эмас, балки энг аввало, аҳолининг кундалик ҳаётида, унинг дастурхони ва рўзғорида ўз аксини топиши зарур.
«Барча орзу-ниятларимиз, машаққатли меҳнатимиз, кечани кеча, кундузни кундуз демасдан амалга ошираётган саъй-ҳаракатларимиз — ҳамма-ҳаммаси бизга катта умид ва ишонч билан қараб турган халқимиз учундир. Биз ушбу йўналишдаги эзгу ишларимизни давом эттириб, ижтимоий адолат тамойили асосидаги барқарор ривожланиш дастурини ишлаб чиқдик ва мазкур соҳадаги фаолиятимизни давлат сиёсати даражасига кўтардик.
Ўзбекистон тарихида ижтимоий соҳа бўйича бундай кенг кўламли ишлар илгари ҳеч қачон бўлмаган.
Юртимизда яшаётган оилалар ҳаётини шу нуқтаи назардан таҳлил қиладиган бўлсак, ўтган даврда қандай катта натижаларга эришганимиз аён бўлади. Мисол учун, ҳозирги вақтда Ўзбекистондаги ҳар 100 та оилага 162 та телевизор, 107 та музлаткич, 287 та мобил телефон, 49 та енгил автомобиль тўғри келмоқда. Бошқача айтганда, мамлакатимиздаги оилаларнинг қарийб ярми ўзининг шахсий автомобилига эга.
Ёки сўнгги йилларда юртимизда ипотека дастурлари доирасида 140 мингдан ортиқ уй-жойлар барпо этилди. Бу рақамни олдинги йилларга солиштирганда, 11 мартадан ҳам кўп демакдир», — дейди Шавкат Мирзиёев.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Асакадаги автомобиль заводи ҳеч қачон Ўзбекистон халқига фойда келтирмаганини айтгани, UzAuto Motors’нинг соф фойдаси қарийб 70 фоизга ўсгани тўғрисида хабар берилганди.