Навоий вилоятида пиёдалар, айниқса, болалар иштирокидаги йўл транспорти ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида йўл ҳаракати қоидабузарликларини кузатиб борадиган «Вазиятлар маркази» фаолият бошлади. Бу ҳақда «Дарё»га Навоий вилоят ИИБ ЙҲХБ матбуот гуруҳи раҳбари Фаррух Якубов маълум қилди.
Таъкидланишича, кейинги икки йил ичида Навоийда ЙТҲлар, айниқса, болалар иштирокидаги ЙТҲлар сони ошган. Шунга кўра, вилоят ИИБ ЙҲХБда замонавий технологиялар билан жиҳозланган «Вазиятлар маркази» фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу марказда видеокузатув қурилмалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ва тўлиқ назорат қилиш тизими ташкил этилган.
«Айни пайтда Навоий шаҳри кўчаларидаги жами 23 та чорраҳада 99 та, шунингдек, 6 та чорраҳада 21 та транспорт воситалари ҳаракатини, 30 та пиёдалар ўтиш йўлакларида транспорт воситалари ҳаракати ва давлат рақам белгисини қайд этувчи 15 та махсус айланма ҳаракатланувчи видеокузатув камералари ўрнатилган. Ушбу тизим орқали шаҳарнинг барча мавжуд пиёдалар ўтиш жойлари ҳам тўлиқ назоратга олинган», — дейди Фаррух Якубов.
Қайд этилишича, марказда доимий равишда уч нафар ходим хизмат олиб бориши, ушбу ходимлар томонидан аниқланган қоидабузарликлар «E-jarima» сайтига юборилиши ва шу ернинг ўзида қоидабузарларга нисбатан онлайн тарзда жазо чоралари кўрилиши йўлга қўйилган.
«Мазкур қоидабузарликлардан ундирилган маблағлар тўлиқ хайрия мақсадида, яъни боқувчисини йўқотган оилалар, ота-онасиз қолган болалар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтожларни моддий қўллаб-қувватлашга сарфланади. Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимлари эса мазкур марказ имкониятларидан фақатгина йўлларда ҳаракат хавфсизлигини назорат қилиш мақсадида фойдаланишади. ЙПХ инспекторлари ушбу қоидабузарликдан ундирилган жарималардан манфаатдор эмас», — дейди вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи подполковник Анвар Ҳафизов.
Ушбу марказда фаолият олиб бораётган 3 нафар ходим орқали бир вақтнинг ўзида 143 та видеокузатув камералари назоратга олинган.