Ҳинд кино юлдузи Амир Хон рафиқаси Киран Рао билан ажрашаётгани ҳақида расман маълум қилган. Жуфтликнинг 15 йиллик турмуши давомида Азад исмли ўғил фарзанд дунёга келган, деб ёзади Bollywood Time.
«Бирга ўтказган 15 йиллик гўзал турмушимиз давомида биз тажриба, бахт, кулгига тўла бутун ҳаётни бошдан кечирдик ва бизнинг муносабатларимиз ишонч, ҳурмат ва севги билан мустаҳкамланди. Эндиликда эр ва хотин сифатида эмас, ўғлимизнинг ота-онаси ва бир-биримиз учун оила сифатида ҳаётимизнинг янги саҳифасини бошлаш истагидамиз. Бир муддат аввал режали ажрашишни бошлаган эдик ва эндиликда янги муносабатимиз кўринишини расмийлаштириш, шу билан бирга катта оилалар сингари ҳаётимизни баҳам кўришдан ўзимизни жуда ҳам яхши ҳис қиляпмиз. Биз ўғлимиз Азадга содиқ ота-она бўлиб қоламиз. Уни бирга улғайтирамиз ва тарбиялаймиз. Шунингдек, фильмларда, Панни фонди ва бизга ёқадиган бошқа лойиҳаларда ҳаммуаллиф сифатида ишлашда давом этамиз.
Бизни доимий равишда қўллаб-қувватлагани, вазиятни тушунгани учун оила аъзоларимиз ва дўстларимизга катта раҳмат. Уларсиз бу қадамни ташлашга ишонч топа олмаган бўлар эдик. Мухлисларимиздан бизга омад тилашлари ва бизни дуо қилишларини сўраймиз. Умид қиламизки, сизлар ҳам биз сингари ажрашишимизга якун эмас, янги саёҳатнинг бошланиши сифатида муносабатда бўласиз», — деган жуфтлик.
Маълумот учун, актёр рафиқаси Киран Рао билан «Lagaan: Бир куни Ҳиндистонда» фильмининг суратга олиш жараёнида танишган. Рао мазкур фильмда режиссёр ёрдамчиси бўлган. Муносабатларини 2005 йил 28 декабрда никоҳ ришталари билан мустаҳкамлаган жуфтлик фарзандли бўла олмаганидан кейин суррогат она ёрдамидан фойдаланишга қарор қилган. Ўғиллари Азад 2011 йил дунёга келган.
Кирандан аввал Амир Хон Рина Даттега уйланган эди. У билан 16 йиллик турмушига 2002 йилда нуқта қўйган. Биринчи турмушидан Айра исмли қиз ва Жунаид исмли ўғил фарзанди бор. Айра мусиқа билан шуғулланган, Жунаид эса отасига суратга олиш майдончасида ёрдам беради.
Актёрнинг Киран билан ажрашиши ҳақидаги миш-мишлар бундай 5 йил аввал тарқалган ва бунга унинг «Кураш» фильмини суратга олиш майдончасида ўзидан 27 ёш кичик Фотима Сана Шайхни севиб қолгани сабаб қилиб кўрсатилган. Айтишларича, айнан Амир Хон Фотимани машҳур қилишга уринган ва уни «Ҳиндистон тўдаси» номли фильмда суратга тушишга кўндирган. Суратга олиш майдончасида эса туйғуларини яширмаган. Шунга қарамай, ҳеч ким уни рафиқасини тарк этиши ҳақида ўйлаб кўрмаган. Мухлисларни актёр севиб қолганини тан оладими ёки яширадими деган савол қийнамоқда.