5 июль куни Жефф Безос расман Amazon бош директори лавозимидан кетди. У ушбу лавозимда компания ташкил этилган кундан бошлаб роппа-роса 27 йил давомида ишлади. Безос қандай қилиб дунёдаги энг қиммат брендлардан бирига асос солишга муваффақ бўлди ва унинг шахсий сирлари нимада? Миллиардернинг ўзи томонидан тузилган бизнес юритиш қоидалари билан танишамиз.
Сайёрадаги энг бой одам Жефф Безос ўтган йили ҳақиқий шов-шувли шахсга айланди. Тарихдаги биринчи триллионер одам пандемия бўлишига қарамай, шуҳрат чўққисига чиқди. 2021 йилнинг февралида Безос шу йилнинг учинчи чорагида Amazon компаниясининг бош директори лавозимидан кетишини ва ҳозирда Amazon веб-сервислари раҳбари Эндрю Жессини ўрнига қолдиришини эълон қилди ва у ваъдасини бажарди. Энди Жефф компаниянинг ижроия раиси бўлади ва янги маҳсулотлар ва ечимларга кўпроқ эътибор қаратади. Дунёдаги энг бой одамни муваффақиятга олиб борган бизнес тамойиллари ҳақида бизга нима маълум?
Ақлга эмас, юракка қулоқ солинг
Кўпинча ақл бизга мақсадга эришишга халақит берадиган нарсалар ҳақида эслатиб туради. Масалан, эҳтиёт бўлиш ҳақида. Юрак бирор-бир нарсани қил, ақл эса буни қилма, дейди. Кўпроқ таваккал қилиш ва тез-тез ғалаба қозониш учун тажрибага эмас, балки ички овозга суянинг.
Афсусланманг
Бизнесда ҳар доим орқага қараб вақтни йўқотмасдан, олдинга интилиш керак. Афсусланадиган ҳолатлар бўлади, аммо муваффақиятга эришиш учун бузғунчи фикрларнинг очилган имкониятларни йўқ қилишига йўл қўймаслик керак. Мақсадингизга эришганингиздагина орқага қарашингиз мумкин, аммо у пайтда афсусланишга ҳожат қолмайди.
Маҳсулотингизни муваффақиятли номланг
Кўпинча маҳсулот номи ва диққатни тортувчи жиҳати билан эътиборни тортади ва бу харидорни пул сарфлашга ундайди. Аниқ бўлмаган ном дўконларда фақат орқа жавонларни ва омборларда катта қолдиқларни юзага келтиради. Қизиқишни ошириш учун потенциал мижозлар орасида ҳайрат ва қизиқиш уйғотадиган, уларни ҳеч бўлмаганда маҳсулотингизга қарашга мажбур қиладиган ном танлаш керак.
Фикр билдиринг
Сиз ҳеч кимнинг ҳуқуқлари учун курашувчи бўлишингиз шарт эмас, лекин сифат каби муҳим масалаларни тарғиб қилиш ва маҳсулотингиз доимо истеъмолчининг талабларига жавоб беришини таъминлаш ҳар қандай бизнесда муҳим жиҳатдир. Ўз фикрларини ҳимоя қила олмайдиган ёки ҳеч нарсага кафолат бера олмайдиган ёки истамайдиган корхона банкротликка маҳкум.
Маркетингдан кўра маҳсулот муҳимлигини унутманг
Маҳсулотингизга қанча кўп маблағ сарфласангиз, шунча керакли нарсага айланади. Агар мижозларингиз рекламангиз қизиқроқ бўлгани учун эмас, балки маҳсулотларингиз бошқаларникидан яхшироқ эканлиги сабабли сиздан харид қилишини истасангиз, сиз тўғри йўлдасиз. Агар маркетинг стратегияси яхши бўлса-ю, маҳсулотнинг ўзи муваффақиятсиз бўлса, бу бизнес узоқ давом этмайди. Маҳсулотингиз сотиб олишга арзишига ва кўпроқ харидорларни жалб қилишига ишонч ҳосил қилиш учун сифатга эътибор беринг.
Эътиборингизни мижозга қаратинг
Маҳсулот ҳам, ғоя ҳам бўлса, энди харидорга эътиборингизни қаратинг – улар бизнесингиз таянчидир. Мижозингизнинг эҳтиёжларига эътибор беринг, улар хоҳлаган нарсани ҳисобга олинг. Агар улар маҳсулотингиздан қониқишса, бу учун уларга миннатдорчилик билдиришни унутманг. Мижозларини эътиборсиз қолдирадиган, фақат фойдани кўзлайдиган бизнес содиқликни йўқотади ва шунинг учун у қадар ишончли бўлмайди.
Premium маҳсулотларни арзон нархларда таклиф қилинг
Кўпчилик севимли нарсаларини тайёрлаш учун, аслида, қанча маблағ сарфланишини билиб, ҳайрон қолишади. Баъзи маҳсулотлар, айниқса, ишлаб чиқариш жараёни ёки ноёб материаллар туфайли қимматга тушади, аммо кўплаб маҳсулотларни ишлаб чиқариш нисбатан арзон бўлиб, нархлар чакана сотувчилар ҳисобига кўтарилиб кетади. Рақобат муҳитида сиз энг яхши маҳсулотларни арзон нархда — ўртача сотувчидан пастроқ нархда таклиф қилишингиз керак.
Бутун бошли маданият яратинг
Аксарият корхоналар мавжуд бўлган маданиятни ўзлаштириб, ўзларидан унча-мунча нарса қўшади, холос. Шунчаки бирор-бир нарса қўшиш керак эмас, балки ўзингизнинг маданиятингизни мустақил яратишингиз керак. Безоснинг эслашича, Amazon’гача онлайн харид қилиш ҳозирги кўринишида деярли мавжуд бўлмаган.
Ишингизни иштиёқ билан бажаринг
Иштиёқсиз бизнес механик ва жонсиз бўлиб, кейинчалик иш озгина қониқиш келтиради, пул ишлашга бўлган иштиёқ сусаяди. Бошқача қилиб айтганда, бизнесингиз қуёш чиққандан то ботгунича давом этадиган бемаъни пойгага айланиб қолади.
Таваккал қилинг
Баъзан ишингизга бошингиз билан шўнғишингиз керак, гарчи бу муваффақиятсизликка олиб келиши мумкин бўлса ҳам. Ҳар қандай бизнеснинг энг ёмон томони шундаки, сиз доимо муваффақиятсизликка учраш остонасида турасиз. Бунинг яхши томони эса ўхшамаган нарсани билиб, тўғри йўлга тушиб оласиз. Хавф — бу муваффақиятсизлик эмас, балки бизнесда қурилган идеалларга мувофиқ яшаш истаги. Ҳеч қачон сизда бўлмаган нарсага эришиш учун илгари қилмаган ишингизни қилишга тайёр бўлишингиз керак.
Мавзуга доир: