Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, дунёда коронавирусга чалинганлар сони 172 871 377 кишини ташкил қилмоқда. Вирус оқибатидаги ўлимлар сони эса 3 718 983 тага етди. Касалланиш ҳолатларининг кўплиги бўйича АҚШ (33,3 миллион), Ҳиндистон (28,6 миллион), Бразилия (16,9 миллион), Франция (5,7 миллион) ва Туркия (5,2 миллион) етакчилик қилмоқда.
Қорбобо коронавирусга қарши эмланди
Россиянинг Вологда вилояти Великий Устюг шаҳрида яшайдиган Қорбобо (Дед Мороз) COVID-19’га қарши вакцина олди. Бу ҳақда вилоят губернатори Олег Кувшинников маълум қилди.«Қорбобо биринчи бўлиб эмланди ва ўзини яхши қиляпти. Қорбобо мутлақо хавфсиз», — деди ҳудуд раҳбари Петербург халқаро иқтисодий форумида.
Маълумот учун: «Великий Устюг — Қорбобо ватани» лойиҳаси 1998 йилдан бери амалга оширилмоқда. Эртак қаҳрамонининг Вологда вилоятидаги манзилига ҳар йили минглаб сайёҳлар ташриф буюради: экскурсияларга боради, таниқли эртак қаҳрамонлари ва Қорбобонинг ўзи билан кўришади.
Непалда «қора замбуруғ»дан биринчи ўлим қайд этилди
Непалда мукормикоз ёки «қора замбуруғ»нинг илк қурбони 65 ёшли эркак бўлди. «У 2021 йил 3 июнь куни вафот этди. Бурундан олинган суртма тест қилинганида замбуруғ гифалари чиқди, бурун ва лаб биопсияси эса мукор борлигини кўрсатди», — дея маълум қилинди мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигида.Непал ғарбида яшовчи эркак унда бошнинг чакка қисми энсефалити аниқланганидан кейин реанимация бўлимига ётқизилган эди. Шу билан бирга, марҳум коронавирусга чалинмаган.
Айни пайтда Непалда мукормикозга чалиниш билан боғлиқ камида ўнтача ҳолат қайд этилган.
Маълумот учун, мукормикоз ёки «қора замбуруғ» замбуруғ инфекцияси асорати бўлиб, асосан, Ҳиндистонда тарқалган — у ерда диабет билан касалланганлар сони катта бўлгани учун. Мукормикоз симптомлари бурунда ва танглайдаги некротик шикастланишлар, бунинг оқибатида эса оғриқ, иситма, бурундан йиринг оқиши ва бошқалардан иборат.
Мавзуга доир: Мисрда 7 кишида қора замбуруғ аниқланди. Ҳиндистонда сариқ замбуруғга чалинган илк бемор вафот этди
Қозоғистонда COVID-19’га қарши вакцина олганларга совғалар берилмоқда
Нур-Султон шаҳридаги савдо марказларида эмланганларга совғалар тарқатилаётгани ҳақида шаҳар ҳокимлиги маълум қилди. Фуқаролар вакцина олганидан кейин дарҳол ютуқли лотереяда иштирок этмоқда. Совғалар орасида маиший техника, электроника ва бошқалар бор.Қозоғистон пойтахтида жами 100 дан ортиқ эмлаш пунктлари очилган бўлиб, улар бирламчи тиббий-санитария муассасаларида, йирик савдо-кўнгилочар марказларида ва савдо уйларида жойлашган.
Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида коронавирус хавфи туфайли чекловлар киритилди
Хитой жанубидаги энг муҳим шаҳар — Гуанчжоу маъмурияти COVID-19’га чалиниш билан боғлиқ янги ҳолатлар аниқлангани сабабли 5 июнь, шанба куни тижорат фаолияти ва ижтимоий фаолликка нисбатан чекловлар киритди.Хусусан, Наньша, Хуаду ва Цунхуа туманлари аҳолисига, шунингдек, ушбу туманлар орқали юриб ўтган барча одамларга коронавирусга тест топшириш мажбурияти юкланди. Наньшада ресторанларнинг мижоз қабул қилиши тақиқланиб, спорт заллари, бассейнлар ва бошқа жамоат жойлари ёпилди.
Шаҳарда ўнлаб метро станциялари ҳам ёпилади. 5 июнь куни Хитойда бир кеча-кундузда 24 кишида COVID-19 аниқлангани, шуларнинг 13 нафари Гуандун провинциясида яшаши маълум қилинди.