Қашқадарё вилоятида 25 ва 29 март кунлари коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида бир эркак ва бир аёл вафот этган. Бу ҳақда, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси (ССБ) ахборотига таяниб, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) маълум қилди.
Аввалроқ Қашқадарёнинг Ғузор тумани ҳокимлиги ахборот хизмати 2 апрель куни тарқатган ахборотида ҳудудда 14 кишида коронавирус тасдиқлангани, 3 апрель кунги ахборотида эса ушбу беморлардан бири вафот этганини маълум қилгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳокимлик ахборотларида аниқ саналар кўрсатилмаган эди.
Вилоят ССБ ахборотига кўра, Ғузор ҳокимлиги томонидан COVID-19 асоратлари оқибатида вафот этган деб айтилган 68 ёшли Н.Р. исмли эркак қатор касалликлари (қандли диабет II тип, юрак-ишемик касаллиги ва ўн икки бармоқли ичак яраси, сурункали холетцистит, сурункали простатит) сабабли диспансер назоратида турган. У февраль ойида Тошкентдаги 2-марказий клиниканинг кардиология бўлимида даволанган.«19 март куни унда коронавирус қайд этилиб, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига келтирилган. Махсус текширувлар натижасидан унда коронавирус тасдиқланган. 25 март куни соат 23:55 да COVID-19 оғир даражасининг асоратли кечиши ва ёндош касалликлари сабабли вафот этган», — дейилади вазирлик томонидан келтирилган вилоят ССБ ахборотида (қайд этиш жоиз, Қашқадарё вилоятида 19 март куни расман бирорта коронавирус ҳолати рўйхатга олинмаган).
Алоҳида таъкидланишича, «мазкур ўлим ҳолати ССВнинг 26 март ҳолатидаги маълумотида акс этиб, маълумот ССВ Telegram-каналида 27 март куни эълон қилинган». Шундай қилиб, 68 ёшли Р.Н. ССВнинг расмий ҳисоб-китоби бўйича коронавируснинг Ўзбекистондаги 625-қурбони бўлди. Қайд этиш жоиз, ССВ коронавирус қурбонлари шахсига доир маълумотларни 2020 йил сентябридан бери очиқламаётган эди.
Қўшимча қилинишича, 20 март куни вилоят юқумли касалликлар шифохонасига COVID-19 инфекцияси аниқланганлиги сабабли келтирилган (шу куни Қашқадарё вилоятида расман беш кишида COVID-19 аниқланган) Қарши шаҳрида яшовчи 65 ёшли бемор аёл А.Г. 29 март куни соат 08:15 да коронавирус оғир даражасининг асоратли кечиши, қандли диабет ва бошқа ёндош касалликлари сабабли вафот этган.
«Мазкур ўлим ҳолати ҳам ССВнинг 29 март ҳолатидаги маълумотида акс этган ва 30 март куни вазирлик Telegram-каналида эълон қилинган», — дейилади Қашқадарё вилояти ССБ ахборотида. Маълумот учун, шу куни Ўзбекистонда коронавирус асоратлари оқибатида расман икки киши (тўрт ой ичида биринчи марта бунчалик кўп одам) вафот этган, қурбонлар сони расмий статистика бўйича 628 нафарга етган.
Изоҳ: ССВ коронавирус асоратлари оқибатида 25 март куни соат 23:55 да вафот этган фуқаро ҳақида 27 март куни 26 март якунларига доир ахборотида, 29 март куни соат 8:15 да вафот этган фуқаро ҳақида 30 март куни 29 март якунларига доир ахборотида маълум қилган. ССВ вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда тайёрлаган маълумотида қашқадарёлик 68 ёшли фуқаро «ижтимоий тармоқларда қайд этилганидек, 3 апрелда эмас», 25 март куни вафот этганига алоҳида (қорайтириб) урғу бераркан, аслида вазирлик ҳам у ёки бу кун якунлари бўйича тақдим этаётган ахборотларида «фалонча киши вафот этди» дея аксарият ҳолларда айни шу кўрсатилган саналарда эмас, балки бир неча кун, ҳатто ўн кундан ортиқ муддат аввал вафот этган фуқаролар ҳақида ёзиб, жамоатчиликни чалғитаётганига ҳам эътибор қаратилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 2021 йил март ойида коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида расман 8 киши вафот этган. Хусусан, 23 март, 24 март, 26 март, 27 март, 30 март, 31 март кунлари бир нафардан, 29 март куни икки нафар фуқаро COVID-19 қурбонига айланди. 23 мартга қадар Ўзбекистонда кетма-кет 40 кун коронавирусга боғлиқ бирорта ҳам ўлим ҳолати қайд этилмади.