Сурхондарё вилояти Бандихон туманида Cobalt ва Damas иштирокида содир бўлган тўқнашув оқибатида икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, кўнгилсиз ҳодиса Бандихон тумани «Обикор» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4Р-105 автомобиль йўлининг 63-километрида содир бўлган.
1993 йилда туғилган Cobalt ҳайдовчиси Тошкент—Денов йўналишида ҳаракатланаётиб, йўлнинг хавфли бурилиш қисмида ўзидан олдинда ҳаракатланаётган машинани қувиб ўтишга уринган. Шу вақтда қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган, 1995 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги Damas билан тўқнашиб кетган.
Оқибатда 2 нафар фуқаро вафот этиб, бир нафари шифохонага ётқизилган.
Шунингдек, 10 март куни Самарқанд вилояти Тойлоқ туманидан ўтувчи А-377 автомобиль йўлида Cobalt ва юк машинаси иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Маълумотларга кўра, 1994 йилда туғилган фуқаро маст ҳолда Cobalt’ни бошқариб кетаётиб, юк машинасининг орқасига келиб урилган. ЙТҲ оқибатида ҳайдовчи ва олд ўриндиқда бўлган йўловчи ҳалок бўлган, яна икки нафар йўловчи шифохонага ётқизилган.
Бундан ташқари, 10 март куни соат 05:40 ларда Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги «Маданият» МФЙ ҳудудида ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган 2000 йилда туғилган йигит «ВАЗ-2101» транспорт воситасини бошқараётиб, пиёдани уриб юборган. Жабрланувчи олган тан жароҳатлари сабаб шифохонада вафот этган.
Аввалроқ Сурхондарёда Nexia-2 йўлни кесиб ўтаётган 1-синф ўқувчисини уриб юборгани, Фарғонада Lacetti билан тўқнашган Matiz ёниб кетиши оқибатида икки нафар йўловчи аёл вафот этгани, Фарғонада MAN ва Nexia иштирокида содир бўлган ЙТҲ оқибатида икки киши ҳалок бўлгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)