Андижон вилоятининг Асака туманида MAN юк автомобили йўлни кесиб ўтаётган йўловчини уриб кетди. Йўловчи эса воқеа жойида вафот этди, дея хабар берди «Дарё» мухбири Умиджон Мамарасулов.
Андижон вилоят ИИБ, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот гуруҳи инспектори Дониёр Алиевнинг маълумот беришича, 2021 йил 5 февраль куни соат 14-30 да Асака тумани «Беруний» маҳалласи, Имом Бухорий кўчаси ҳудудидан ўтувчи давлат аҳамиятига эга 4Р-1121 Фарғона ҳалқа йўли автомобиль йўлининг 164-километрида ЙТҲ содир бўлган.
ЙТҲда Фарғона вилояти, Ўзбекистон туманида яшовчи «Ангрен Автонефттранс» МЧЖда ҳайдовчи бўлиб ишловчи фуқаро MAN русумли юк автомашинасини бошқариб кетаётган вақтда ўша ердаги светофорнинг тақиқловчи ишорасига амал қилиб, чорраҳада турган вақтида 83 ёшли фуқаро автомашинанинг ўнг томонидан келиб йўлни кесиб ўтаётганида уриб юборган. Оқибатда пиёда боши ва қорин қисмидан оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган. Таъкидланишича, юк автомашинаси ҳаракатланган вақтда пиёда ҳайдовчига кўринмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Асака тумани ИИБ томонидан дастлабки тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Қўшимча қилинишича, ЙТҲдан кейин вилоят Ички ишлар бўлими Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Саидолим Зингиров бошчилигида автоҳалокат тафсилотлари ўрганилиб, ҳодисанинг сабаб ва оқибатлари жамоатчилик вакиллари билан биргаликда муҳокама қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижонда Cobalt уриб кетган велосипед ҳайдовчиси шифохонада вафот этгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)