Ўзбекистонда 2023/2024-ўқув йилидан бошлаб битирувчиларнинг баҳолари ОТМга кириш имтиҳонларида инобатга олиниши кутилмоқда. Бу ҳақда ДТМ 1 февраль куни ҳукуматнинг тегишли қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди.
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 2020 йилнинг октябрь ойида ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистонда мактаб битирувчиларнинг 6 йиллик баҳоларининг ўртача кўрсаткичи ОТМга кириш имтиҳонларида инобатга олиниши ҳақида айтганди.
«Ўқувчи мактабда 11 йил ўқияпти, лекин тақдири бир кунда ҳал бўляпти. Балки ўша куни касал бўлгандир, балки яхши ухламагандир. Шу боис Президентимиз бу бўйича топшириқ берганлар, ўқувчиларнинг мактабда олган баҳолари, яъни охирги олти йиллик натижалари инобатга олинади», — деган эди у.
Қарор лойиҳасига кўра, 2022/2023-ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта, ўрта махсус таълим муассасалари ва касб-ҳунар мактаблари битирувчиларининг шаҳодатномаси (аттестати) (диплом иловаси)га мажбурий 11 йиллик таълимнинг сўнгги 6 йиллик баҳолари ўртача кўрсаткичи киритилади ва ушбу кўрсаткич 2023/2024-ўқув йилидан бошлаб олий таълим ташкилотига кириш имтиҳонларида инобатга олинади.
Таълим муассасалари ва касб-ҳунар мактабларига масъул вазирлик ва идоралар 2022/2023-ўқув йилидан бошлаб ўз битирувчиларининг сўнгги 6 йиллик баҳоларини акс эттирувчи электрон платформа яратади. Баҳолар электрон платформага ҳар ўқув йили учун июнь ойида киритилади.
Умумий ўрта таълим муассасаси битирувчилари баҳосининг ўртача кўрсаткичини ҳисоблашда битирувчининг 6–11-синфлардаги йиллик баҳоларининг умумий йиғиндиси ҳар бир синфдаги ўқиган фанлар сонининг умумий йиғиндисига нисбати олинади.
Ўрта махсус таълим муассасалари ва қабули 9-синф негизи асосида амалга ошириладиган касб-ҳунар мактаблари (коллеж, лицей) битирувчилари баҳосининг ўртача кўрсаткичини ҳисоблашда битирувчининг 6—9-синфлардаги ҳамда 1—2-босқичдаги умумтаълим фанлари бўйича йиллик баҳоларининг умумий йиғиндиси ўқиган умумтаълим фанлари сонининг умумий йиғиндисига нисбати олинади.
2023 йил 1 январга қадар умумий ўрта, ўрта махсус таълим муассасаларини тамомлаган битирувчиларнинг шаҳодатномаси (аттестати)даги ёки диплом иловасидаги умумтаълим фанлари бўйича баҳоларининг ўртача кўрсаткичини акс эттирувчи махсус электрон платформа ДТМ томонидан 2022 йил 1 январдан бошлаб ишга туширилади.
Мавзуга доир:
- Халқ таълими вазири: «Кейинги кириш имтиҳонларида ўзбек тили бўйича грамматика эмас, тўртта кўникма тест қилинади»
- Шерзод Шерматов ўқувчилари ОТМга кира олмаган мактаблар сони 2020 йилда 3 баробарга камайганини маълум қилди
- Шерзод Шерматов: «Мактаблар таълим берадиган эмас, иш берадиган муассасага айланиб қолган»