Арманистон ҳарбийлари Газах туманида ўт очишни тўхтатиш режимини бузди. Бу ҳақда Озарбайжон Давлат чегара хизмати маълум қилди. Арманистон Мудофаа вазирлиги эса буни «мутлақо ёлғон» деб атади, деб ёзади «Коммерсантъ».
«2 февраль куни тонгда Арманистон Қуролли Кучлари Газах туманига қарата пулемётдан 20 марта ўқ узиб, ўт очишни тўхтатиш режимини бузди», — дейилади Озарбайжон Давлат чегара хизмати хабарида.
Айни пайтда Арманистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига Озарбайжон устидан давлатлараро шикоятнома берди. Боку Тоғли Қорабоғдаги низолар кучайиши чоғида бир қатор конвенцияларни бузганликда айбланмоқда.
Бу Арманистон томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига берилган биринчи давлатлараро шикоятдир, дейилади мамлакатнинг Европа судидаги ваколатхонаси хабарида. Таъкидланишича, Ереван Бокуни Қорабоғ ва Арманистон фуқароларининг яшаш, қийноқлар ва шафқатсиз муносабатдан ҳимояланиш, дахлсизлик, эгалик, шахсий ва оилавий ҳаёт, таълим ва бошқа бир қатор ҳуқуқларини бузганликда айбламоқда.
Шикоятда ҳарбий асирлар ва ҳарбий бўлмаган шахслар, Қорабоғнинг қайта кўчирилган аҳолиси, яраланган фуқаролар ва ҳалок бўлганларнинг қариндошлари, ўз мулкларидан айрилган шахслар, маҳаллий ва халқаро ОАВ вакиллари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари ҳам кўтарилган.
Қайд этилишича, шикоят билан бирга «кўп сонли далиллар» ҳам тақдим этилган.
Эслатиб ўтамиз, Тоғли Қорабоғдаги низо 2020 йил сентябрда кучайди. 2020 йил 10 ноябрь куни Россия, Озарбайжон ва Арманистон Тоғли Қорабоғда тинчлик ҳақида битим имзолади. Россия иштирокидаги музокаралар натижасига кўра, низо томонлари ўт очишни тўхтатишга қарор қилди. 10 ноябрга ўтар кечаси Арманистон бош вазири Никол Пашинян Озарбайжон ва Россия президентлари Илҳом Алиев ва Владимир Путин билан Тоғли Қорабоғда ўт очишни ва жанговар ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисида келишув имзолади.
Сулҳ шартлари Келбажар, Агдам, Лачин туманлари ва Газах туманида Арманистон томони эгаллаб турган ҳудудлар Озарбайжон назорати остига берилишини назарда тутади.
Баҳсли ҳудудга 2 мингга яқин Россия тинчликпарварлари киритилади, улар ўт очишни тўхтатиш режимига риоя қилинишини назорат қилади. Шунингдек, томонлар асирлар, марҳумларнинг жасадларини айирбошлашни бошлайди ва минтақада транспорт қатновини қайта тиклайди.
Январь охирида эса Москвада минтақа бўйича уч томонлама ишчи гуруҳнинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.