АҚШнинг янги президенти Жо Байденни қўллаб-қувватловчилар сони у сайланганидан бери биринчи марта туша бошлади. Бу ҳақда The Hill нашри ва HarrisX тадқиқот хизмати ҳамкорликда ўтказган сўровномага асосланиб «Korrespondent.net» хабар берди.
28—29 январь кунлари ўтказилган сўровда иштирокчиларнинг 61 фоизи Байденнинг президентлик фаолиятини маъқуллади. Таъкидлаш жоизки, 21—22 январь кунлари ўтказилган сўровномада респондентларнинг 63 фоизи давлат раҳбари фаолияти тўғрисида ижобий фикр билдирган эди.
Хабарга кўра, сўнгги сўровда республикачилар орасида демократ Байденни қўллаб-қувватлаш даражаси олти фоизга — 30 фоиздан 24 фоизгача пасайган, аммо демократларнинг унинг ҳаракатларига берган баҳоси ўзгармаган — 94 фоиз.
Сўровнома 28—29 январь кунлари онлайн тарзда ўтказилди. Унда 945 респондент иштирок этди. Статистик хатолик даражаси, тахминан, 3,19 фоизга тенг.
Демократ Байден 20 январь куни республикачи Дональд Трампнинг ўрнини эгаллаганди. Президент сифатидаги сўнгги кунларида Трампни америкаликларнинг 60 фоизи «тарихдаги энг ёмон президентлардан бири» деб атаган.
Nielsen компаниясининг ҳисоб-китобларига кўра, инаугурация куни Байденнинг қасамёдини олтита асосий телевизион янгиликлар канали орқали 39,9 миллион киши томоша қилган. 2017 йилда собиқ президент Дональд Трампнинг инаугурациясини 38,35 миллион — Байденникидан 4 фоиз кам киши кузатганди.
20 январь, инаугурация куни Жо Байден президент сифатидаги илк нутқини «Бугун — Америка куни. Бугун — демократия куни», — деб бошлаган.