Жиноят ишлари Асака туман суди 28 ёшли аёлнинг уйига бостириб кириб, унинг қўли ва оғзини скотчлаб пул талаб қилган 19 ёшли фуқароларга ҳукм ўқиди. Бу ҳақда вилоят суди судья катта ёрдамчиси Комроншоҳ Расуловга таяниб, «Дарё» мухбири Умиджон Мамарасулов хабар берди.
Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 24 август куни соат 22:30 ларда 19 ёшли, ишсиз Рустам Маъруфжонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳамда Топволди Анваров юзларига ниқоб тақиб, Асака тумани «Отиш» маҳалласида яшовчи Фурқат Нуриллоевнинг уйига девор ошиб кирган. Унинг турмуш ўртоғи Имона Нуриллоева ҳамда вояга етмаган уч нафар фарзанди ухлаб ётган хонага бостириб кириб, Имона Нуриллоевага пичоқ ўқталиб, қўли, оғзи ва юзини скотч билан боғлаб, пул беришини талаб қилган. Талаб қилинган пулларни бермаса, ўзи ва фарзандларини ўлдириб юбориш билан таҳдид қилган. Хонадон бекаси пул йўқлигини айтганда эса икковлон унинг юз ва танасининг тўғри келган жойларига қаттиқ зарб билан уриб тепган. Зўрлик ва таҳдидлардан қутулиш мақсадида аёл босқинчилардан бирининг чап қўл бармоқларини тишлаб олиб, шовқин кўтарган. Натижада жиноятчилар жиноий ҳаракатлари ошкор бўлишидан қўрқиб, воқеа жойидан яширинган.
«2018 йилдан Асрор ака ва отишлик Фурқат акага шогирд тушиб, ундан иссиқхона қуришни ўрганганмиз. Ўша йили уста билан бирга Хоразм ва Қашқадарёга ҳам бориб ишлаганмиз. 2019 йилнинг ноябрь ойида яна устанинг укаси Улуғбек, ўртоқлари Абдулла, Камолиддин, Давронбек, Имомали ва бошқалар билан Самарқандга ишлаш учун борганмиз. Аммо ҳеч қанча ўтмасдан кунлар совиб, қор ёғганлиги сабабли у ердан Имомали ва Абдулла билан қайтиб келганмиз. Қолган шерикларимиз эса ўша ерда қолиб, ишни давом эттиришган. Келганимиздан кейин 10 кунча ўтиб, Фурқат акани ёнига бориб, ундан ишлаган кунларимизга пул беришини сўраганмиз. Ўшанда биз кунига ўртача 90-100 минг сўм атрофида ишлаганмиз деб, устага 1 миллион 800 минг сўм атрофида ҳақимиз борлигини айтганмиз. Бироқ Фурқат ака ишни охирига етказмасдан қайтиб келганимиз, қурилган иссиқхоналари қулаб тушганлигини, шу сабабли пул олмаганлигини ва ойлик бермаслигини айтган. Шундан кейин ҳам орада у билан телефон орқали айнан шу масалада гап тортишиб жанжаллашдик. Ўшанда у бизга пул бермаслигини, қўлимиздан келганини қилишимизни айтган. Мана шу сабаб бўлиб ошнам билан ойлигимни олиш учун унинг уйига бостириб кирганмиз. Бугун қилган ишим нотўғри эканлигини тушуниб етдим», — дейди судланувчи Рустам Маъруфжонов.
Суд ҳукмига кўра, судланувчилар Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисмининг «в» (босқинчилик) бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, Рустам Маъруфжоновга 11 йил, Топволди Анваровга эса 10 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.