Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида яшовчи ота вояга етмаган фарзанди учун унинг вояга етгунга қадар ҳисобланган алимент пулларини 6 минг доллар қилиб, олдиндан тўлаб берди, дея хабар берди «Дарё» мухбири Умиджон Мамарасулов.
МИБ Андижон вилояти бошқармаси ахборот хизматининг аниқлик киритишича, фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа туманлараро судининг 2014 йил 9 октябрдаги ижро ҳужжатига асосан қарздор М.Х.дан ундирувчи Н.Х. фойдасига вояга етмаган бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ой топган даромадининг 25 фоизи миқдорида алимент ундириш белгиланган. МИБ туман бўлими томонидан ижро иши юритилган бўлишига қарамасдан, фуқаро алимент тўловларини тўламай келган.
Бўлим ходимларининг тушунтириш ишлари натижасида қарздор ота фарзандининг таъминоти учун у вояга етгунга қадар ҳисобланган жами алимент пулларини 6 минг доллар кўринишида тўлаб беришга қарор қилган. Натижада ижро ҳужжати амалда тўлиқ ижро қилинганлиги муносабати билан ижро иши тамомланган.
Шунингдек, МИБнинг Марҳамат туман бўлими ходимлари Асака туманлараро судининг 2013 йил 30 мартдаги қарорига асосан қарздор Г.А.дан ундирувчи Г.О. фойдасига икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун тўланмай келинган 22 миллион сўм алимент пулини ундиришда ёрдам берган.
Қўшимча қилинишича, қарздор дастлаб 10 миллион сўм, сўнгра 2 минг доллар кўринишида алимент пулини тўлаб берган. Собиқ эр-хотин ўртасида келишувга эришилгач, Г.О.нинг аризасига мувофиқ ижро иши тамомланган.