Самарқанд шаҳрида хотинини аёвсиз калтаклаб, уни памперс ейишга мажбур қилган эркакка нисбатан қўзғатилган жиноят иши очиқ суд жараёнида кўриб чиқилади. Бу ҳақда «Халқ сўзи online» хабар берди.
Маълум қилинишича, 2020 йил 12 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида 1985 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган Ш.Каримовга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланади.
Ш.Каримов ўзининг турмуш ўртоғи Мустаҳкам Ваҳобовага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 103-моддаси (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш), 105-моддаси (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) ва 110-моддасида (қийнаш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси З.Аҳмедова раислигида кўриб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, август ойида ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрида эри томонидан аёвсиз калтакланаётгани акс этган аёл видеоси тарқалиб кетган эди. Маълум бўлишича, эр аёлни мунтазам хўрлаган ва мажбурлаб памперс едирган. Эркак турмуш ўртоғини ургани тасвирланган видео интернетда тарқалгач уйидан қочиб кетган. 23 август куни эркак Тошкентда қўлга олиниб, Самарқандга олиб кетилган. Кейинроқ Сенат мазкур аёл билан боғлиқ вазиятни ўз назоратига олганди.