Артур Конан Дойл асарларига кўра терговчи Шерлок Холмс яшаган Лондондаги Бейкер-стритдаги уй Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев оиласига тегишли, деб ёзмоқда Meduza The Times газетасига таяниб.
Нашр маълумотларига кўра, Нурсултон Назарбоевнинг қизи Дариға Назарбоева Бейкер-стритдаги 221б уйнинг 90 фоизига эгалик қилади, қолган 10 фоизи унинг ўғли Нурали Назарбоевга тегишли.
The Times’да қайд этилишича, Назарбоевлар оиласи умумий ҳисобда Бейкер-стритдаги 215 ва 237 уйлар ва унга қарашли ерларга ҳам эгалик қилади.
Уй расман уни 140 миллион фунт стерлингга сотиб олган Farmont Baker Street Limited компанияси номига расмийлаштирилган.
Аввалроқ Лондонда Нурсултон Назарбоевнинг қизи ва неварасига тегишли 100 миллион долларлик уйлар хатлангани, кейинчалик суд ушбу мол-мулкларни хатлаш тўғрисидаги ордерни ноқонуний деб топгани хабар берилган эди.