Дунёга ҳамон глобал ҳарбий низо эҳтимоли хавф солиб турибди, бу ҳақда Чехия ҳарбий разведкаси 2019 йил учун эълон қилган ҳисоботида айтилади, деб ёзади «РБК».
«Замонавий дунё ҳаракатланиб бораётган глобал хусусиятга эга эҳтимолий низо ҳозирча тайёргарликнинг биринчи босқичида турибди. Унда фаол иштирок этишга имконияти ва хоҳиши бўлганларда дунёқараш шаклланмоқда ва уларни бошқариш мумкин бўлган технологик воситалар аниқланмоқда», — дейилади ҳужжатда.
Шунингдек, ҳисоботда таъкидланишича, дунёда манфаатлар, фикрлар ва мақсадлар фарқланиши кучайган, халқаро ҳуқуқ роли эса анча пасайган.
«Манипулятив фикрлаш, янглиш тахминлар, нохолис хулосалар ва шулардан келиб чиқадиган хатти-ҳаракатлар масъулиятни англаш йўқлиги билан биргаликда глобал рақиблар — АҚШ, Хитой ва Россия ўртасида кескинлик ўсишига олиб келди. Аммо бу ҳодисалар ҳатто аввал яқин иттифоқдошлар деб ҳисобланган мамлакатлар ўртасида ҳам зиддият келтириб чиқарди», — дея қайд этди ҳисобот муаллифлари.
«Очиқ адоват хавф деб қаралмайди, аммо аслида хавф ҳисобланади. У низода муваффақиятлироқ бўла олиши мумкин деб ҳисоблайдиганлар томонидан имконият деб қабул қилинади», — дейди экспертлар.
2018 йил якунлари бўйича Чехия Хавфсизлик ва ахборот хизмати (BIS) мамлакат ҳудудида фаолият олиб борувчи барча разведка хизматлари орасида энг фаол ва тажовузкор ишлайдиганлари Россия ва Хитойники эканлигини маълум қилганди. BIS таъкидлашича, Россия ва Хитой разведка фаолияти сиёсат, дипломатия, иқтисодиёт ва ахборот уруши соҳаларига тааллуқлидир. «Россияга келганда, унга ноанъанавий хусусиятдаги операциялар ҳам хос бўлиб, улар Россия ўз хавфсизлигига нисбатан асосий ҳарбий хавфни кўрадиган рақибга қаратилган: бу НАТО ва унга аъзо мамлакатлар, шу жумладан, Чехия ҳамдир», — дея қайд этди экспертлар.
Россия президенти Владимир Путин 10 ноябрь куни Россия қуролланиш пойгасига аралашмаса ҳам, ядро арсеналини модернизация қилишда давом этишини айтганди. Шунингдек, давлат раҳбари Россия хавфсизлигининг кафолати ядро триадаси — ядро қуролини етказиш воситаларининг тўлиқ комплексига эга эканлиги бўлгани сабабли, мамлакатга товламачилик қилиш ва босим ўтказиш бемаънилик эканлигини ҳам айтди.