Россияда сўнгги суткада 12 846 кишида COVID-19 аниқланиб, кунлик касалланиш бўйича рекорд янгиланди, деб хабар бермоқда Meduza. Аввалги рекорд бундан бир кун аввал қайд этилган, 12 126 кишида коронавирус аниқланганди.
Коронавирусга қарши кураш бўйича тезкор штаб маълумотларига кўра, Россияда COVID-19’га чалинганларнинг умумий сони 1 285 084 нафарга етди.
Энг кўп касалланиш ҳолати Москва (+4105 киши), Санкт-Петербург (+501 киши) ва Москва вилоятида (+416 нафар) қайд этилган.
Сутка давомида коронавирус инфекциясидан 197 киши, эпидемия бошланганидан буён эса 22 454 киши вафот этган. Сўнгги бир кеча-кундузда 6781 киши, мамлакатда вирус тарқалиши бошланганидан буён эса 1 016 202 киши соғайган.
«Роспотребнадзор» маълумотларига кўра, мамлакатда қаторасига икки кун коронавирусни аниқлаш бўйича ярим миллиондан кўп — 648 мингта тест ўтказилган. Умумий ҳисобда эса бундай тестлардан 50,3 миллиондан ортиқ ўтказилган.
Эслатиб ўтамиз, 4 октябрь куни Россияда май ойидан бери илк бор бир суткада 10 мингдан ортиқ кишида COVID-19 аниқланди. Шундай буён кунлик касалланишлар сони кескин ортиб бормоқда. Шундай шароитда Россия касалхоналарида коронавирус билан оғриган беморлар учун жойлар тугамоқда, тез ёрдамни соатлаб, баъзан кунлаб кутишмоқда.
Мамлакат пойтахтида касалланиш ҳолат энг кўп бўлгани туфайли Москвада тиббиёт олийгоҳлари талабалари COVID-19’га қарши курашиш учун касалхоналарга чақирилмоқда.
«Роспотребнадзор» раҳбари Анна Попова Россияда касалланишнинг ортишини йилнинг совуқ мавсуми бошлангани билан боғлаган. Шунингдек, бунга таъсир қилувчи омиллар қаторига фуқароларнинг таътилдан ва ишга қайтганлигини киритган.