Россияда COVID-19 билан касалланган беморларни даволаш учун қўлланилаётган «Фавипиравир» препарати йиқилишни келтириб чиқарувчи носпецифик мувозанат бузилишларига олиб келиши мумкин.
Meduza’нинг маълум қилишича, ушбу ножўя таъсир Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббиёт касб-ҳунар таълими академияси негизида яратилган «ФармаCOVID» ахборот маркази мутахассислари томонидан тайёрланган (.pdf) илмий ишда айтиб ўтилган. Тадқиқот 27 сентябрда эълон қилинган бўлиб, унга «Известия» газетасидаги мақоладан сўнг эътибор қаратилган.
Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, мувозанат бузилишлари ҳақида фавипиравир таъсир кўрсатувчи моддага эга «Авиган» препаратига қўлланмани қайта кўриб чиққан Япониянинг дори воситалари бўйича агентлигининг хулосаларида айтилган. Агентлик хулосасида, ножўя таъсирлар қаторида, тўсатдан югуриш ҳам қайд этилган.
Тадқиқот муаллифларидан бири, Норвегиянинг Oslomet университети соғлиқни сақлаш факультети доценти Юрий Киселев «Известия»га берган интервьюсида ушбу ҳодисаларнинг фавипиравирни қабул қилиш билан сабабий боғлиқлиги ҳали тасдиқланмаганлигини айтган.
«Янги, етарлича ҳужжатлаштирилмаган ёки аввал рўйхатдан ўтмаган, масалан мувозанатнинг бузилиши ёки йиқилиш каби ножўя таъсирлар борасида ҳушёрлик лозим», — деб ҳисобламоқда илмий иш муаллифлари.
«Росздравнадзор» «Известия»га носпецифик мувозанат бузилишлари, шу жумладан, йиқилиш билан боғлиқ реакциялар келиб чиққани ҳақида хабарлар келиб тушмаганини билдирган.
«Фавипиравир» Япониянинг Fujifilm компанияси препарати бўлиб, у Россияда «Авиган» номи билан чиқарилади. Дастлаб у гриппдан даволовчи восита сифатида ишлаб чиқарилган. 2020 йил июлида япониялик олимлари COVID-19 билан енгил оғриган беморларда «Авиган»ни синаш борасида ўтказган тадқиқотларини якунлаган ва унинг самарадорлигини исботлай олмаган.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса 6 октябрь куни COVID-19’га чалинган беморларни даволашда «Фавипиравир» дори воситаларидан фойдаланилаётганлигини маълум қилган. Июль ойи ўрталарида соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Ўзбекистонга Японияда ишлаб чиқарилган 200 минг қадоқ «Авиган» («Фавипиравир») дори воситаси келтирилганини билдирганди.