Украина Олий суди мамлакат президенти Владимир Зеленскийни ўз хизмат вазифаларини бажараётган вақтида давлат тилида гапиришга мажбур қилди. Бу ҳақда «Zn.ua» хабар берди.
«Олий суд Украина президенти хизмат вазифаларини бажариш чоғида давлат тилида гапиришга мажбур эканлигини тан олди», — дейилади Олий суд хабарида.
Қайд этилишича, судга мурожаат қилган шахс Украина президентининг 2019 йил 23 майдаги иForum-2019 интернет арбоблари форумида давлат тилида гаплашганини ноқонуний деб топишни сўраган. Шунингдек, даъвогар жавобгарни Украинанинг бутун ҳудудида ўз ваколатларини бажариш чоғида давлат тилида сўзлашишдан тийилишга мажбур қилишни сўраган.
Маълум қилинишича, Олий суд таркибидаги кассация суди даъвогар томонидан билдирилган талабларни тўлиқ ҳажмда қаноатлантиришдан бош тортган. Олий суднинг Катта палатаси Украина президенти ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида давлат тилида гапиришга мажбур эканлигини тан олган.
«Конституцияда назарда тутилган ваколатларни бажариш чоғида эмас, балки сиёсий фаолият доирасида амалга оширилган ҳаракатлар учун президент юридик эмас, балки сиёсий жавобгарликни ўз зиммасига олади. Баён қилинганларни инобатга олиб, Олий суднинг Катта палатаси ишни ёпди, чунки даъвогар томонидан билдирилган талаблар маъмурий суд тартибида кўриб чиқилмайди», — дейилади суд хабарида.
Украина Олий радаси 2019 йилда украин тилининг давлат тили сифатида ишлашини таъминлаш ҳақидаги қонунни қабул қилган. Қонунга кўра, украин тили давлат ташкилотлари ва жамиятда фаолият олиб боришда асосий тил сифатида тасдиқланган. Қонунни маъқуллаб 278 нафар депутат овоз берган. «Мухолифат блоки» ва «Возрождение» фракциялари қонунга қатъий қарши чиққан ва улар кейинчалик қонуннинг имзоланишини тўхтатган.
Зеленский президентликка номзод бўлган пайтда давлат раҳбари бўлганидан кейин украин тилини ҳимоя қилишга ваъда берган ва тил ҳақидаги қонунда «баъзи масалалар» борлигини таъкидлаган.
Президентликка сайланганидан бир неча ой ўтгач, Зеленский Донецк ва Луганск вилоятларида рус тилига махсус тил мақомини бериш мумкин, деб ҳисоблашини маълум қилган.
Президентликнинг биринчи йили ўтгач, Зеленский Украинада тил масаласи йўқлигини маълум қилган. Зеленский расмий чиқишлар вақтида рус тилидан камроқ фойдаланадиган бўлган, бироқ баъзан уни ишлатиб туради.