Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ, хориждан, хусусан, Россиядан Ўзбекистон фуқароларини ватанга олиб келиш учун 6 июлдан 19 июлга қадар амалга ошириладиган чартер рейслар жадвали эълон қилинганди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси берган маълумотга кўра, Россиядан Ўзбекистонга режалаштирилган чартер рейслар жадвалига ўзгартиришлар киритилиши кутилмоқда.
Шу муносабат билан агентлик фуқаролардан авиачипталар харид қилишда шошмасликни, норасмий маълумотларга ишонмасликни сўради.
«Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикасининг ваколатли ташкилотлари расмий хабарларини кутиш тавсия этилади», — дейилади агентлик хабарида.
Аввалроқ 28 июндан 5 июлга қадар Россиядан яна 2087 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилгани ҳақида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, 13 майдан 24 майгача хориждаги ўзбекистонликларни олиб келиш учун 12 та рейс амалга ошириш белгиланган ва режага асосан амалга оширилганди. 25—31 май кунлари 8 та чартер рейс орқали Россия ва Туркиядан жами 2118 нафар фуқаро Ўзбекистонга олиб келиниши хабар қилинганди. Шунингдек, 1—7 июнь кунлари хориждаги ўзбекистонликларни олиб келиш учун 9 та чартер қатнови, 8—21 июнь кунлари оралиғида 20 та чартер рейс амалга оширилган. 22 июндан 5 июлгача 21 та чартер рейсда хориждаги ўзбекистонликлар олиб келинди.