Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида ҳайдовчининг эътиборсизлиги сабаб уч ёшли бола автомобиль ғилдираклари тагида қолиб вафот этди. Бу ҳақда «Дарё»га Бухоро вилоят ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати раҳбари Улуғбек Шукруллаев хабар берди.
2020 йилнинг 2 июль куни «Мирзоқул» маҳалласи Жўйрабоф қишлоғида яшовчи фуқаро Ж.М. бошқарувидаги «ГАЗ-53» русумли автотранспорт воситаси маҳалладаги хонадонларнинг бирига ичимлик суви олиб келган. У одатдагидек ишини бажариб бўлиб, машинани орқа томонга олган. Бироқ автомобиль ғилдираклари остида қолиб кетган болани пайқамаган.
«Автомобилнинг ён томон ойналари йўқлиги етмагандек, ҳайдовчи бошқарувдан олдин автомобиль ёнини кўздан кечирмаган ҳамда уч ёшли боланинг автомашина ғилдираклари остида қолиб кетганини сезмаган», — дейди Улуғбек Шукруллаев.
Маълумот берилишича, ҳайдовчи маҳаллага доимий равишда ичимлик суви етказиб берган.
«Бош мия очиқ жароҳатланиши ташхиси билан касалхонага келтирилган болакай ҳаётдан кўз юмган. Ҳолат юзасидан ҳозирда тергов-суриштирув жараёнлари кетмоқда», — дейилади вилоят ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати хабарномасида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳар Учтепа туманида Spark машинаси икки ёшли болани уриб кетиши оқибатида бола шифохонада вафот этгани, Шайхонтоҳур туманининг Зулфияхоним кўчасида эса 10 ёшли бола 53 ёшли Spark ҳайдовчисининг эҳтиётсизлиги оқибатида вафот этгани хабар берилганди.