Жанубий Корея ҳукумати фуқароларнинг зарур бўлмаган ҳолатда уйдан чиқмасликка чорловчи ижтимоий масофаланиш муддатини 19 апрелга қадар узайтирди. Бу ҳақда Марказий штабнинг стратегия ва режалаштириш бўлимига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
Аввалроқ Жанубий Кореяда икки ҳафта муддатга — 22 мартдан 5 апрелга қадар ижтимоий масофаланиш эълон қилинганди.
«Кучайтирилган ижтимоий масофаланиш даври яна икки ҳафтага, 19 апрелга қадар, узайтирилди. Фуқароларга ташқарига чиқиш, тадбирларга бориш, саёҳат қилиш — агар зарурат бўлмаса уйдан чиқмаслик тавсия этилади. Икки метр оралиқ масофани сақланг, бир-бирингиз билан қўл бериб кўришманг, атрофингиздаги нарсаларни дезинфекция қилиб туринг», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, кўпчилик бўлиб бир жойда овқатланиш энг хавфли ҳолат. Тадбиркорларга уйдан ишлаш, мослашувчан график ва иш вақтини ўзгартириш орқали яқин алоқа бўладиган иш муҳитидан қочиш тавсия этилмоқда. Маҳаллий ҳукумат аҳолининг мобил телефонларига хабар юбориб, уларни олча гуллаганини томоша қилишга чиқмасликка чақирмоқда.
Таъкидланишича, ижтимоий масофаланиш даври бошланганидан буён касалликка чалиниш ҳолати 19,8 фоиздан 6,1 фоизга тушган. Шунингдек, пандемия бошланганидан буён метродаги йўловчилар сони икки баробарга камайган.
Жанубий Корея бош вазири Чон Се Гюннинг айтишича, касаллар сони суткасига тахминан 100 кишини ташкил этаётгани сабаб ҳукумат ижтимоий масофаланиш даврини узайтиришга мажбур.
Мавзуга доир: