Қонунларни яхши билмай, янги иш бошлаган тадбиркорни жиноий жавобгарликка тортиш, бунинг натижасида эртага бизнесга нисбатан ишончсизлик пайдо қилиши мумкин. Бу ҳақда Олий суд судьяси Шамсиддин Тожиев журналистлар билан очиқ мулоқотда айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимов.
Шамсиддин Тожиев Ўзбекистон Жиноят кодексининг тадбиркорлик фаолияти моддасини чиқариб, ушбу турдаги жиноятларни иқтисодий ёки фуқаролик судларида кўришни таклиф қилмоқда.
«Бирор шахс давлат рўйхатидан ўтмаган бўлса-да тадбиркорлик фаолиятини бошлаб маълум бир миқдорда даромад олган бўлса, бу ҳолат тегишли органлар томонидан аниқланади. Агар солиқдан қочиш ёки бошқа ҳолатлар бўлса, иқтисодий ёки фуқаролик судлари орқали бу нарсаларни бартараф қилиб, жавобгарликка тортмасдан ҳам буни бартараф этиш чораларини кўриш лозим», — дейди Олий суд судьяси.
Унинг таъкидлашича, ҳали қонунларни яхши билмай, янги иш бошлаган тадбиркорлар жиноий жавобгарликка тортилса, унда эртага бизнесга нисбатан ишончсизлик пайдо бўлади: «Бу каби ҳаракатлар тадбиркорнинг кейинги ишларига тўсиқ бўлиб қолиши мумкин. Балки бу тадбиркор келажакда мамлакатга катта фойда келтирадиган ишларга бош бўлар?»
Шамсиддин Тожиев Кодексдаги 189-моддани — савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш бўйича жиноятларни ҳам иқтисодий ёки фуқаролик судлари орқали ҳал этиш мумкин, деб ҳисоблайди
«Бу жиноят иқтисодиётимиздаги айрим нуқсонлар натижасида юзага келмоқда. Масалан, тадбиркорнинг ҳисоб рақамида маблағи бор. У нақд пулга чет элдан маҳсулот олиб келиши лозим. Бундай вақтда пулни нақдлаштириб олишда қийинчилик юзага келяпти. Суд жараёнларида шу модда билан айбланган тадбиркорлар «Нима қилайлик, қонунни бузишга мажбур бўляпмиз», деган ҳолатлари кўп учрайди. Банкларда шундай шароит яратишимиз керакки, тадбиркор банк орқали пулини нақдлаштириб олишда қийинчиликларга дуч келмасин», — дейди у.
Маълумот учун, Жиноят кодексининг 188-моддаси — тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтмасдан жуда кўп миқдордаги назорат қилинмайдиган даромад олган ҳолда амалга ошириш — уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъектининг рўйхатдан ўтказилишини таъминлаган ва зарур бўлган рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштирган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.
Жиноят кодексининг 189-модда — товарлар савдоси ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдордаги қийматда бузиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидалари бузилишининг оқибатларини бартараф этган ва етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.