Жанубий Кореядан чартер рейс билан Ўзбекистонга олиб келинган фуқаролар кунига 2 маҳал тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги маълум қилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, улар 14 кун муддат (касалликнинг яширин даври) давомида тиббий кузатувга олиш учун махсус тайёрланган муассасаларга жойлаштирилди. Фуқаролар кунига 2 маҳал тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Фуқаролар орасида коронавирус инфекцияси касаллиги аломатлари аниқланмаган.
Маълумот учун, 1 март куни Тошкент халқаро аэропортига хорижий давлатлардан 28 та рейс орқали 4 422 нафар, темир йўллар орқали 5 та поездда жами 702 нафар шахс, шунингдек, давлат чегара божхона постлари орқали 1 816 та автотранспортларнинг эгалари ва 40 654 нафар йўловчи термометриядан ўтказилган. Хитойдан 21 нафар Хитой фуқароси ва 7 нафар Ўзбекистон фуқароси, шунунгдек, Жанубий Кореядан 7 нафар Ўзбекистон фуқароси келган бўлиб, уларнинг борадиган манзиллари аниқланиб, саломатлик ҳолати устидан тиббий кузатув ташкил этилган.
Эпидемиологик кўрсатмага асосан, 2 март кунига қадар жами 1 478 та намуна COVID-19 коронавирус инфекциясига текширилди, уларда мазкур инфекция аниқланмаган.
Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг коронавирусга қарши марказий штаби шуни маълум қиладики, 2 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус касаллиги қайд этилмади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 1 мартдан бошлаб Жанубий Кореяда коронавирус авж олиши сабабли Сеулга бўлган қатновларни вақтинча тўхтатиб тургани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Япония ва Италияда коронавирус авж олиши сабабли Uzbekistan Airways авиакомпанияси 2020 йилнинг 1 мартидан бошлаб Токио ва Римга бўлган йўналишдаги қатновларни вақтинча тўхтатгани маълум қилинганди.