Ўзбекистон 2019 йил август ойида кўп йиллардан бери биринчи марта чет эл валютасини нақд кўринишда сотиб олишга рухсат берди. Бунга қадар одамлар долларни фақат халқаро банк пластик карталари орқали (Visa, MasterCard ва бошқалар) сотиб олишлари мумкин эди, деб ёзмоқда Spot.
Қайд этилишича, 2019 йил июнь ойидан бошлаб, сўм бир неча ҳафта давомида қадрсизланган ва охир-оқибат унинг нархи кескин тушган ҳамда Марказий банк валюта курслари тебранишининг кенгроқ коридорига ўтишга мажбур бўлди.
Мавзуга доир: Ўзбекистон банклари долларни 9500 сўмдан сотишни бошлади
Нашрнинг ёзишича, Марказий банк 2019 йил бўйича баъзи маълумотларни ошкор қилди ҳамда август ойида валюта бозори кескин кўтарилганлиги маълум бўлди.
Агар аввал банклар аҳолидан ойига 160—270 миллион доллар сотиб олган бўлса, август ойидан бошлаб сотиб олинган валюта миқдори 350—500 миллион долларни ташкил этди. Банклар томонидан сотилган валюта миқдори ҳам ошган. Агар август ойигача сотилган валюта ҳажми ойига 65—130 миллион доллар бўлган бўлса, ундан кейин 160—100 миллион долларни ташкил этган.
Бошқа хорижий валюталар — евро, Англия фунт-стерлинги, Япония иенаси, Россия рубли, Қозоғистон тангаси ва турк лираси бўйича вазият кескин ўзгарган. Масалан, агар августгача банклар ойига ўртача 2 миллион еврони сотиб олган бўлса, август ойидан кейин уларнинг ҳажми 5 миллионга етган.
Умуман олганда, 2019 йилда банклар аҳолидан 3,7 миллиард доллар сотиб олди ва 1,8 миллиард доллар сотди. 2018 йилда мазкур кўрсаткичлар мос равишда 2,6 миллиард ва 974 миллионни ташкил этган. Агар 2018 йилда банклар 61,2 миллион иена сотиб олган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 108,6 миллионни ташкил этган.
Spot’нинг қайд этишича, 2019 йил август ойида банкларга нақд хорижий валютани сотишга рухсат берилганига қарамай, бир қатор чекловлар сақланиб қолмоқда. Хусусан, кеча-кундуз ишлайдиган валюта айирбошлаш шохобчалари мавжуд эмас ва баъзи банклар ҳатто соат 17:00 дан кейин доллар сотишни тўхтатади, бироқ улар соат 22:00 гача ва ҳатто ундан кейин ҳам валюта сотиб олишга тайёр.Баъзи мамлакатларда, масалан, Қозоғистон ва Россияда бу муаммо хусусий айирбошлаш шохобчалари орқали ҳал қилинган, аммо Ўзбекистонда бундай имконият йўқ ва яқин келажакда режалаштирилмаяпти.
«Бу мамлакатларда мазкур амалиёт бор эди, лекин бу ўзини оқламади. Хусусий секторга валюта олди-сотдиси операциялари билан шуғулланиш ҳуқуқи берилди, аммо хусусий сектор уни суиистеъмол қилишни бошлади — нореал ставкаларни белгилаш, қалбаки пулларни сотиш, асоссиз равишда юқори комиссияларни ундириш. Буларнинг барчаси охир оқибатда аҳолига зарар келтирди», — дея таъкидлаган эди Марказий банк вакили Бобур Абубакиров.
Абубакировнинг таъкидлашича, фақат банкларнинг валюта сотиб олиш ва сотиш билан шуғулланишининг яна бир сабаби жиноятлардан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши кураш, бу жараёнларни назорат остида ушлаб туришдир.