Фоторепортаж: Туркия орқали Европага йўл олган қочоқлар
Февраль ойининг охирида Туркия қочоқлар учун Европа билан чегарасини очди. Мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 29 февраль, шанба куни, Европа Иттифоқини миграция инқирозига чек қўйиш бўйича ваъдаларни бажармаганликда айблади.
«Биз анчадан буён бунча миқдордаги қочоқларни қабул қилишга мажбур эмаслигимизни айтаётгандик. Сиз бизга ёрдам ваъда қилгандингиз, лекин ҳеч нима қилмаяпсиз ва биз кеча чегараларимизни очдик», — деди Туркия президенти.
Греция чегарада назоратни кучайтирди. Чегаралар очилган биринчи кунда грек расмийларининг хабарига кўра, полиция 4 мингга яқин суриялик қочоқларнинг мамлакатга кириб келишини тўхтатиб қолган.
Туркия ва Греция чегарасида бир неча кундан бери қочоқлар ва полициянинг тўқнашувлари кузатилмоқда. Греция ҳукумати расмий вакили Стелиос Петсас Туркия билан чегарадаги вазиятни миллий хавфсизликка таҳдид деб баҳолади.
Туркия ва Евроиттифоқ 2016 йилда миграция инқирозининг олдини олиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришганди. Евроиттифоқ молиявий ёрдам таклиф этган, Анқара эса Европага ўтиб бўлган барча мигрантларни қайта қабул қилишга рози бўлганди.
Reuters’нинг ёзишича, 2 март, душанба куни, денгиз орқали Грецияга кетаётган қочоқлар қайиғи ағдарилиб кетиши оқибатида бир бола ҳалок бўлди. У Туркия чегарасини очганидан кейин биринчи қурбон бўлди.