Тожикистон фуқаролик авиацияси агентлиги маҳаллий ва хорижий авиакомпанияларга ўз самолётлари бортига 35 та давлат фуқароларини олмаслик ҳақида телеграмма жўнатди. Шундай телеграмма туркомпанияларга ҳам йўлланган, деб хабар берди Asia-Plus.
Қайд этилишича, бу огоҳлантириш коронавирус тарқалиши олдини олиш ва мамлакат фуқаролари саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш билан асосланган.
Тожикистонга фуқаролари вақтинча кириши тақиқланган давлатлар рўйхатига Хитой, Япония, Жанубий Корея, Вьетнам, Сингапур, Австралия, Малайзия, Камбожа, Филиппин, Таиланд, Непал, Шри-Ланка, Ҳиндистон, Финляндия, Италия, Британия, Испания, Швеция, Бельгия, Исроил, Австрия, Хорватия, Швейцария, АҚШ, Канада, БАА, Миср, Эрон, Ливан, Кувайт, Баҳрайн, Уммон, Афғонистон, Ироқ ва Жазоир киритилган.
Бундан ташқари, агентлик бу давлатларнинг Тожикистонга тўғридан-тўғри ёки транзит рейс билан келмоқчи бўлган фуқароларига авиачипталар сотишни тўхтатишга чақирган.
«Бу давлатлар фуқароларига авиачипта сотилиб, улар Тожикистондаги аэропортларга келган бўлса, улар шу рейсларнинг ўзи билан ортга қайтарилиб юборилади», — дейилади хабарда.
Шунингдек, Тожикистоннинг шу давлатлардан келган фуқаролари карантинга жойланади.
Айни вақтда Тожикистонга учувчи барча рейслар йўловчиларининг тана ҳарорати тепловизор ёрдамида текширилмоқда.
Аввалроқ Тожикистон коронавирус хавфи туфайли Афғонистон билан чегара назоратини кучайтиргани ҳақида хабар берилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Хитойдан ташқари коронавирус қайд этилган давлатлар сони 64 тага етди. Бутун дунё бўйлаб коронавирусни юқтириб олганлар сони эса 90 370 кишига етган. Касалликка чалинганлар сони бўйича Хитойдан кейинги ўринларда Жанубий Корея (4335), Италия (2036) ва Эрон (1501) кетмоқда.