Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри қўмитаси раиси Абдушукур Абдуллаев Андижонда бир неча раҳбарларни ишдан олди.
Қўмита матбуот хизматининг хабар беришича, Абдушукур Абдуллаев 26 февраль куни Андижон вилояти ер ресурслари ва давлат кадастри раҳбар ҳамда ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказди.
Унда ўз вазифаларига совуққонлик билан қараб соҳага оид Президентнинг фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ижросини таъминламаганликлари ва туманда етарли даражада ишни ташкил этмаганлиги учун Улуғнор, Жалақудуқ ва Шаҳрихон раҳбарлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Шунингдек, ер майдонларидан фойдаланишни назорат қилиш ишлари ва хатловлар якуни бўйича туманда етарли даражада иш ташкил этмаганлиги учун Избоскан, Қўрғонтепа туманлари ҳамда Андижон шаҳар филиали раҳбарларига интизомий жазо берилди.Йиғилишда қўмита раиси бўш турган ер майдонларини аукцион савдоларига қўйиш Андижон вилоятида «қониқарсиз» ҳолатда эканлиги, вилоятда 6 500 гектар атрофида бўш турган ер майдонлари мавжудлигига қарамасдан ноқонуний равишда уй-жойлар ва ижтимоий объектлар қурилиши асосан экин ерларда амалга оширилаётганлиги жиддий танқид қилди.
Хабарда айтилишича, қўмита раиси бундан аввал Қашқадарё вилоятида ҳам 10 нафар раҳбар ва ходимларини эгаллаб турган вазифасидан озод этган.