2020 йилнинг 28 февраль куни Гулистон шаҳри, «Намуна» МФЙ, Халқлар дўстлиги кўчасида жойлашган «Камронбек хожабек Нур» МЧЖга қарашли автомашиналарни ювиш шохобчасида МИБ ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, унда корхона эгасининг электр тармоғига уланган ҳисоблагич ичига кўз илғамас ҳолда яширин равишда электр таъминоти ҳисобига таъсир этувчи, пульт билан бошқариладиган чип мосламасини ўрнатиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келинаётгани фош этилди. Бу ҳақда МИБ Сирдарё вилояти бошқармаси хабар қилган.
МИБ Сирдарё вилояти бошқармаси маълумотига кўра, ўтказилган суриштирув ҳаракатлари давомида «Камронбек хожабек Нур» МЧЖ раҳбари А.Ю. томонидан таъминот корхонаси манфаатларига 23 миллион 74 минг 605 сўм миқдорида зарар етказилгани аниқланган.
МЧЖ раҳбари сарфланган электр энергиясига тўланадиган пулни иқтисод қилиш мақсадида электр ҳисоблагични яширин равишда пульт билан бошқариб келганини тан олиб, қилган ишидан пушаймонлигини айтган.
«Ҳозирги кунда МИБнинг Сирдарё вилоят бошқармаси суриштирув ва маъмурий амалиёт шўъбаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бориш жараёнида аниқланган зарар тўлиқ ундирилиб, «ихтирочи»га нисбатан қонуний чора кўрилиши таъминланган», – дейилади хабарда.