Туркманистон ҳукумати аҳоли вакилларининг мамлакатдан чиқиб кетишига ҳар қандай усул билан ҳалақит қилишга уринмоқда. Фуқароларнинг Туркманистонда чиқиб кетмаслиги учун турли баҳоналар ўйлаб топилган. Айни кунларда 35 ёшгача бўлган аёллар, ҳарбий хизматни ўтамаган йигитлар, 40 ёшгача эркаклар, хориж олийгоҳларида ўқиётган талабалар мамлакатдан чиқарилмаяпти. Одамларнинг мамлакатдан чиқмаслиги юзасидан расмий тақиқ йўқ, уларнинг Туркманистондан кетиш-кетмаслигини Миграция хизмати ходими ҳал этади. Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» хабар қилди.
Нашрнинг қайд этишича, бу каби тақиқлар бор жойда уларни айланиб ўтиш бўйича турли усул ва йўллар ҳам топилади.
Агар мамлакатдан чиқиб кетмоқчи бўлган фуқарони бир ёки икки марта муваффақиятсизликка учраган бўлса, масала воситачи ёрдамида 2000 АҚШ доллари эвазига ҳал бўлади. Агар фуқаро аввал депортация қилинган бўлса, нарх 5000 АҚШ долларигача қимматлашади.
Бу каби масалаларни ҳал этиб берадиганлардан бири тез-тез Истанбулга қатновчи аёл. У Миграция хизматида мамлакатга келган ва кетган фуқаролар таҳлили бўлимида ишловчи қариндоши орқали одамларнинг ишини ҳал қилиб бермоқда. Ушбу бўлимда Туркманистонга киритилмаган ёки чиқарилмаган фуқаролар, ҳуқуқ-тартибот органларининг кимни чиқармаслик ёки киритмаслик борасидаги маълумотлар таҳлил қилинади. Бўлимда ишловчилар муаммоси бор фуқарони «қора рўйхат»дан ўчириб ташлаши мумкин.
Аёл мижозларини қариндошидаги маълумотлар асосида топади ва улардан хизмати эвазига пул талаб қилади. У одамларни асосан Истанбулга кетишини таъминлайди ва Туркияга етиб келгач улардан келишилган пулларни олиб, паспортларни қайтариб беради.
«Қора рўйхат»даги одамни «оқлаш» унинг ёки яқин қариндошининг қайси қилмиши учун бундай жазога лойиқ кўрилганлиги билан боғлиқ. Миграция хизматида ҳатто катта пул билан ҳам чиқиб бўлмайдиган асосий «қора рўйхат» ҳам бор.
Мавзуга доир: