Гонконгда намойишчилар қатор автотрассалар ва метрода ҳаракатланишга халақит бериб, ҳақиқий транспорт хаосини юзага келтирди. Полиция уларни тарқатиб юбориш учун бир неча маротаба кўздан ёш оқизувчи газ қўллади, дея хабар беради «ТАСС».
Ниқоб тақиб олган радикаллар гуруҳи эрталабки тиғиз пайт кўчаларга чиқинди қутиларини улоқтириб, баррикадалар тиклай бошлаган, ўт қўйиб, светофорларни синдирган. Қатор туманларда тиқинлар ҳосил бўлган, метро ҳам узилишлар билан ишламоқда.
Транспортдаги муаммолар туфайли деярли барча университетлар машғулотлар тўхтатилганини эълон қилди. Айрим олий ўқув юртлари кампуслари ниқоб таққан талабалар томонидан вайрон қилинган.
Сай Ван Хо ҳудудида полиция ходими унга ҳужум қилган 21 яшар намойишчига хизмат қуролидан ўқ узган ва уни оғир яралагани айтилмоқда.