Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган «Сурхон тонги» ва «Заря Сурхана» газеталари бирлашган таҳририятининг мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Мансабдор шахслар ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, 2017—2018 йиллар ва жорий йилнинг ўтган даврида газеталар обунаси учун келиб тушган 2,3 миллиард сўм пул маблағларини савдо ва қурилиш фаолияти билан шуғулланувчи ҳамда автомашиналарга техник хизмат кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектларга молиявий ёрдам сифатида ўтказиб бериб, давлат ва жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказганликлари аниқланган.
Шунингдек, таҳририят мансабдор шахслари «С.Э.М» МЧЖ мансабдор шахслари билан олдиндан тил бириктириб, 2018 йилда фермер хўжаликларининг хабардорлигисиз «Сурхон тонги» ва «Заря Сурхана» газеталарига обуна ташкил қилиш учун 150 миллион сўм пул маблағларини жамият ҳисоб рақамига ўтказилишига эришиб, амалда фермер хўжаликларига газеталарни етказиб бермаганлиги фош этилган.
Шу билан бирга, «С.Э.М.» МЧЖ мансабдор шахслари жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2017—2018 йиллар ва 2019 йилнинг 9 ойида жамият ҳисоб-рақамига хўжалик юритувчи субъектлардан даврий нашрларга обуна учун келиб тушган 5,4 миллиард сўм пул маблағларидан 1,9 миллиард сўмини бошқа мақсадларда ишлатиб юборганликлари маълум бўлган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан «Сурхон тонги» ва «Заря Сурхана» газеталари бирлашган таҳририяти ҳамда «С.Э.М» МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатларини ўтказилмоқда.