Ўзбекистон Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги «Иссиқлик таъминоти тизимини такомиллаштириш ва иссиқлик таъминоти корхоналарини молиявий соғломлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Унга кўра, 2020 йил 1 январьдан бошлаб марказлашган иссиқлик таъминоти хизматлари учун истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар иситиш даврининг ҳар бир куни учун иситилаётган 1 квадрат метр ҳисобидан келиб чиқиб тўлаш тизимига ўтказилади.
Бундан ташқари, истеъмолчиларга иссиқлик таъминоти хизматлари учун тарифларни шакллантириш ва белгилашда иссиқлик таъминоти корхоналарини ривожлантириш ва модернизация қилиш харажатлари, шунингдек, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва иссиқлик энергияси таннархини пасайтириш ҳисобига улар томонидан кўрсатадиган хизматлар таннархини қоплаш механизмларини босқичма-босқич жорий этиш ҳисобга олинади.
Шунингдек, аҳоли учун иссиқлик энергияси ва иссиқ сув учун пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида келиб чиқадиган зарарлар Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ҳисобидан қоплананиши белгиланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти 2018—2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш дастури тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди. Ушбу қарорда дастурнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши учун Ўзбекистон Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари масъул этиб, шунингдек, иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш (ишлаб чиқариш, ташиш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш)нинг барча босқичлари инобатга олинган ҳолда лойиҳаларни амалга оширишга комплекс ёндашувни кўзда тутувчи Иссиқлик таъминоти тизимини комплекс ривожлантириш ва модернизация қилиш концепциясини ишлаб чиқиш белгиланди.
Қайд этилган лойиҳаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Давлат бюджети, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг ўз маблағлари, тижорат банклари кредитлари, пудрат ташкилотлари маблағлари ва Ўзбекистон Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1,7 триллион сўм йўналтириш кўзда тутилган эди.