Ўзбекистон Миллий гвардияси Ҳарбий-мусиқа академик лицейини ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Президентининг қарори муҳокамага қўйилди.
Ҳужжатга кўра, Миллий гвардиянинг Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи негизида Ўзбекистон Миллий гвардияси Ҳарбий-мусиқа академик лицейи очилади.
Унда умумий мусиқа бўйича билимларнинг бошланғич асослари ўргатилади ҳамда дамли ва зарбли чолғулар ижрочилиги йўналишида етук кадрларни тайёрланади. Бу орқали Ўзбекистон Қуролли Кучлари ҳарбий оркестрлари учун малакали кадрлар резерви шакллантирилади.
Қарор лойиҳасида таъкидланишича, 2020 йил 1 январдан бошлаб Ҳарбий-мусиқа академик лицейида хизмат ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг пул таъминотига уларнинг лавозим маошининг 50 фоизига тенг миқдорида ҳар ойлик устама тўланади.
Ҳарбий-мусиқа академик лицейининг ишчи ва хизматчиларига Ўзбекистонда мавжуд академик лицейларнинг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари ва шартлари қўлланилади ҳамда улар қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳуқуқ ва имтиёзлардан фойдаланади.
Шунингдек, Ҳарбий-мусиқа академик лицейи битирувчиларига Ўзбекистон олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ўқишга киришда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларида ўзлари тўплаган балларнинг 30 фоизи миқдоридаги, республиканинг бошқа давлат олий таълим муассасаларига ўқишга киришда эса ўзлари тўплаган балларнинг 15 фоизи (шу жумладан ижодий имтиҳонлар) миқдоридаги қўшимча баллар кўринишида имтиёз берилади.