11 ноябрь куни Тошкент вилояти Қуйичирчиқ тумани «Сурум» МФЙ Намунали уй кўчасида жойлашган 1-уйнинг иситиш қозонидан табиий газнинг сизиб чиқиши натижасида чақнаш содир бўлган, деб хабар беради ФВВ матбуот хизмати.
Бунинг оқибатида уйнинг том қисми қулаб тушган ва уй жиҳозлари ёнган. Дастлабки маълумотларга кўра, 2 нафар фуқаро воқеа жойида вафот этган. Бундан ташқари, 4 нафар фуқаро турли даражадаги тан-жароҳатлари билан Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган.
Воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар вазирлиги ва вилоятнинг тегишли мутасадди раҳбарлари, Тез ҳаракат қилиш республика кўп тармоқли маркази, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар ёнғин-қутқарув отряди қутқарувчилари чиқишган.
Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
«Ҳурматли фуқаролар! Газ воситаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилишингизни сўраймиз», — дейилади хабарда.