Ўзбекистонда яна ис газидан заҳарланиш ҳолатлари қайд этилди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов.
Қашқадарё вилояти Қарши тумани, «Боғдод» маҳалласида яшовчи аёл Б.И., унинг 2 нафар фарзандлари ҳамда яшаш хонадонига меҳмонга келган 5 нафар қариндошлари яшаш уйи ошхонасидаги газ плитасини ёқиб, ухлаб қолиши натижасида ис газидан заҳарланиб, шифохонага ётқизилган. Воқеа 9 ноябрь куни соат 7:30 ларда содир бўлган.
Шунингдек, 10 ноябрь куни соат 13:00ларда Нукус шаҳрида яшовчи фуқаро Е.А. ва унинг турмуш ўртоғи қўлбола усулда ясалган иситиш ўчоғига уланган табиий газ угари (ис гази)дан заҳарланиб, вафот этган.
Иккала ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бундан аввал Самарқандда эр-хотин ис газидан заҳарлангани, эркак вафот этгани, аёли эса касалхонага ётқизилгани, шунингдек, янги қурилаётган уйда 5 нафар уста ҳам ис газидан заҳарлангани ҳақида хабар берилган эди.