Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев вилоятнинг ўзидан аввалги раҳбари — Ҳиммат Оқбўтаевни Қўшработ тумани ҳокими этиб тайинлади. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар бермоқда.
Хабар беришларича, 11 ноябрь куни халқ депутатлари Қўшработ туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган. Сессияда қатнашган вилоят ҳокими Туробжон Жўраевнинг тавсияси билан Ҳиммат Оқбўтаев туман ҳокими этиб тайинланган.
Ҳиммат Оқбўтаев 2016 йил 23 декабридан 2017 йил 12 июнига қадар Самарқанд вилоятига ҳокимлик қилган эди. У Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши давомида ишдан олинган эди.
Ҳиммат Оқбўтаев ўрнига ўз вақтида Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига раҳбарлик қилган Туробжон Жўраев Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди. 9 ноябрь куни унинг лавозимидан «вазифасини бажарувчи» қўшимчаси олиб ташланди.
Маълумот учун, Қўшработ туманига шу вақтгача Аъзамхон Баҳромов ҳокимлик қилиб келаётган эди.