Тошкент шаҳрида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Президент Шавкат Мирзиёев сўзининг бошида барча таълим-тарбия ходимларини байрам билан самимий табриклаб, халқимизнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромини етказди.
“Биз устозни отадек улуғ деб билган, уни ҳамиша бошига кўтариб эъзозлаган буюк, маърифатпарвар халқнинг вакилларимиз. Тарихимиздаги қайси машҳур аждодимизни олмайлик, уларнинг барчаси устозларга юксак эҳтиром билан қараганларига гувоҳ бўламиз. Устозини, муаллимини эъзозлаган жамият албатта равнақ топади, гуллаб-яшнайди. Ўқитувчисининг қадр-қиммати баланд бўлган халқнинг обрў-эътибори юксак бўлади”, деди давлат раҳбари.
Ҳаётда ҳар бир эзгулик, ҳар бир кашфиёт ва ютуқнинг замирида ўқитувчининг меҳнати, бардоши ва меҳр-муҳаббати мужассам экани таъкидланди.
“Таълим – соҳалар ичида энг долзарби, мактаб – энг муҳими бўлса, ўқитувчилик касблар орасида энг улуғидир. Шахсан мен ўқитувчи деганда, ўзим учун азиз ва қадрли бўлган зотларни, юз-кўзидан нур ёғилиб турадиган мўтабар инсонларни тасаввур қиламан. Улар замонамизнинг энг илғор кишилари, жонкуяр, ватанпарвар, халқпарвар инсонлардир. Шу сабабли халқимиз ўзининг энг катта бойлигини – фарзандлари тарбиясини ўқитувчиларга ишониб топширади”, дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Устозларнинг донишмандлиги, ҳаёт маъносини чуқур англаб, одамларни яхшиликка ва муваффақиятларга руҳлантириши қайд этилди.
“Инсоннинг онги, дунёқараши ўзгармаса, жамият ўзгармайди. Жамият ўзгармаса, тараққиёт ҳам бўлмайди. Одамларнинг тафаккурини, шу асосда бутун жамиятни ким ўзгартира олади? Янги берунийларни, хоразмий ва фарғонийларни ким камолга етказади? Бундай улуғвор вазифани, том маънодаги тарихий миссияни адо этишга фақат сиз – устоз ва мураббийлар қодирсиз”, деди президент.
Бугун мамлакат ўғил-қизлари халқаро фан олимпиадаларида, спорт майдонларида улкан марраларни қўлга киритаётгани ёдга олинди. Бу ғалабалар аввало устоз-мураббийларнинг фидокорона меҳнати самараси экани эътироф этилди.
Президентнинг 27 сентябрдаги фармонига мувофиқ, таълим-тарбия тизимига қўшган муносиб ҳиссаси, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишдаги ибратли фаолияти ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ юртдошларимиз фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланган эди.
Маросимда ана шу мукофотлар тантанали равишда топширилди.
“Ўз меҳнати билан қадр топиш, эл-юрт ардоғида бўлиш чинакам бахт. Бу, айниқса, ўқитувчи ва мураббийларга ярашади. Қадрингиз ҳам, қаддингиз ҳам доимо баланд бўлсин, азиз устозлар”, деди Шавкат Мирзиёев.
Мукофотланганлар номидан сўзга чиққанлар таълим соҳаси ва муаллимларга эътибори, камтарона хизматларини юксак баҳолагани учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Изоҳ (0)