АОКАда Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати раҳбари Илҳом Маърупов иштирокида ўтказилган брифингда маълумот берилди.

Унга кўра, 2024 йилда диний-маърифий соҳада салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Дин ишлари бўйича қўмита томонидан Давлат дастурида белгиланган вазифалар, шунингдек соҳага доир ишлаб чиқилган йиллик режа ва дастурлар ижроси тўлиқ бажарилди.
Ўтган йилнинг 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди. Анжуманда Ўзбекистон ва 22 та хорижий давлатдан 200 нафардан ортиқ диний соҳа ходимлари иштирок этди. 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик кунига бағишлаб 11-16 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида ва республиканинг барча ҳудудларида Бағрикенглик ҳафталиги доирасида бир қатор маданий-маърифий ва илмий-амалий тадбирлар юқори савияда ташкил этилди.
Ҳафталик доирасида 132 нафар давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари “Диний бағрикенглик” кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек, мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилди.
Тизим ташкилотлари билан ҳамкорликда мутаассиблик, радикал ғоялар ва экстремизм руҳидаги ахборотларга қарши 10 171 та (4 664 та видео, 3 954 та мақола, 900 та аудио, 653 та инфографика) раддия мазмунидаги материаллар тайёрланиб, тарқатилди.
Малака ошириш маркази ва унинг филиалларида 2 676 нафар давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбар-ходимларининг малакаси оширилди.
Бугунги кунда республика бўйича 2 145 та масжид фаолият юритмоқда, 2024 йилда 14 та янги масжид давлат рўйхатидан ўтказилди, 64 та масжидда тубдан қайта қуриш ҳамда 17 та масжидда таъмирлаш ишлари якунланди.
Айни пайтда республикада 198 та ноисломий диний ташкилот фаолият юритмоқда. 2024 йилда Жиззах вилоятида 1 та янги диний ташкилот – Евангел христианлари черкови давлат рўйхатидан ўтказилди. Ҳисобот даврида Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда тизим ташкилотлари вакиллари, ўзбекистонлик исломшунос олимлар ва тадқиқотчиларнинг 486 та диний-маърифий соҳага оид халқаро тадбирлардаги иштироки таъминланди.
Дин ишлари бўйича қўмита раҳбариятининг 12 та хорижий ҳамкорлар билан қатор учрашувлари ташкил қилинди. Уларда республикамизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ўзгариш ва ислоҳотлар ҳамда ўзаро ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.
2024 йилги ҳаж мавсуми ва умра зиёрати юқори савияда ташкил этилди. Хусусан, 15 150 нафар зиёратчи Ҳаж амалини бажарди. 2024 йилда Қўмитага келиб тушган 1 477 та мурожаатдан 1 108 тасига ҳуқуқий маълумот берилди, 298 таси ижобий ҳал қилинди, 36 таси (диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларда кўрсатилган камчиликлар сабаб) рад этилди, 19 та мурожаат тегишлилиги бўйича ваколатли давлат органларига йўналтирилди.
Жорий йилдаги рамазон ойига тайёргарлик кўриш ҳамда муносиб ўтказиш юзасидан тегишли ишлар амалга оширилди. 2025 йил 6 ва 10 февраль кунлари Ўзбекистон ва Кавказ мусулмонлари идоралари, Қозоғистон ва Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармалари, Туркиянинг Диёнат бошқармаси Фатво ҳайъатлари масъуллари ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти вакили иштирокида онлайн йиғилишлар ташкил этилди.
Йиғилишларда 2025 йилда рамазон ойининг бошланиши ва Рамазон ҳайитининг биринчи кунини аниқлаш масалалари муҳокама қилинди. Фатво ҳайъатлари аъзолари рамазон ойининг биринчи куни 1 март, шанба кунига тўғри келиши бўйича бир овоздан якдил хулоса қилди. Жорий Рамазон ойида мамлакатда фаолият юритаётган 2145 та масжиддан 1 743 тасида хатми Қуръон тадбирларини ўтказиш режалаштирилмоқда.
Ўзбекистонда рамазон ойи 1 март, шанба куни бошланади. Президент қарорига кўра, ушбу ойда эҳтиёжмандлар ҳамда илм-маърифат йўлида изланаётган ёшларга ёрдам бериш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлашга, атроф-муҳитни асраш, муқаддас қадамжо, зиёратгоҳ ва қабристонларни ободонлаштириш, кўчатлар экишга ҳамда рамазон ойи билан боғлиқ тадбирларда меъёрга амал қилиш ва исрофгарчиликка йўл қўймасликка алоҳида эътибор берилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси 28 февралдан ҳудудларда таровиҳ намозининг бошланиш вақтларини эълон қилди.
Изоҳ (0)