Ҳукумат қарори билан 10 октябрь куни транспорт воситалари учун алоҳида ажратилган тасмаси бор йўлдан йўналишли жамоат транспорт воситаларидан ташқари бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланишини тақиқлашга қаратилган ўзгартириш киритилди.
Киритилган мазкур ўзгартиришдан сўнг Транспорт вазирлиги алоҳида ажратилган тасмаси бор йўлларда кучайтирилган рейд тадбирлари ўтказилаётганини маълум қилди.
Ҳукумат қарори билан киритилган ўзгартиришларга кўра:
- Йўналишли транспорт воситалари учун алоҳида ажратилган тасмаси бор йўлдан йўналишли жамоат транспорти воситалари ҳаракатланиши мумкин ва бошқа транспорт воситалари ушбу йўлакда ҳаракатланиши тақиқланади, бундан тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари мустасно;
- Йўналишли транспорт воситалари учун алоҳида ажратилган, тасмаси бор йўлда ҳаракатланиши тақиқланган транспорт воситалари ушбу йўлдан фақат ёндош ҳудудга кириш ёки чиқиш мақсадида ёндош ҳудуднинг кириш ёки чиқиш жойидан 50 метр масофада узуқ-узуқ чизиқли жойгача ёхуд яқин масофадаги узуқ-узуқ чизиқли жойгача ҳаракатланиши мумкин.
- Бунда транспорт воситаси мазкур йўлакда ҳаракатланиб келаётган йўналишли транспорт воситаси ҳаракатига тўсқинлик қилмаслиги ва унга йўл бергандан сўнг ёндош ҳудудга кириш ёки чиқиш ҳаракатини амалга оширишга рухсат этилган.
Қонунчиликка кўра, ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслиги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддаси билан БҲМнинг иккидан бир қисми, яъни 187 минг 500 сўм миқдорида жаримага тортилади.
Изоҳ (0)